2:55

Тўғри қарор қилиш

MP3

Narrator 1 «Илёс халқнинг рўпарасига чиқиб, уларга таъна қилди: — Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди-ю, Баал Худо бўлса, унга сажда қилинглар. Халқдан садо чиқмади» (3 Шоҳ 18:21).

Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Катта-катта тўғри қарорлар даставвал кичик майда нарсалар устида тўғри қарор чиқаришдан бошланади. Кўпчилигимиз ишларимизни кундузи битиришни маъқул кўрамиз. Чунки куннинг биринчи қисмида танамиз тетик бўлиб, миямиз ҳам яхши ишлайди. Куннинг иккинчи ярмида эса қувватимизнинг тенг ярмидан кўпроғини ишлатиб бўлган бўламиз. Шунинг учун ҳам кечки пайтда ҳеч иш қилмай, телевизор қаршисига михланиб ўтиришни маъқул кўрамиз.

Narrator 2 Аммо бир куни мана шундай ҳаёт тарзини кечирадиган бир одамнинг калласига ажойиб бир фикр келибди. «Агар телевизорни камроқ кўриб, бир-икки соат эртароқ ётсам, эртароқ тураман-ку, шунда анча-мунча ишимни қилиб оламан». Шундай қилибди ҳам. Бу тўғри қарор эди. Одатда кичик майда нарсалар устида ҳам тўғри қарор қилиш унчалик шарт эмас, деб ўйлаймиз, бироқ мана шундай майда нарсалар устида тўғри қарор чиқариш бизни кейинчалик жиддийроқ масалалар устида тўғри қарор чиқаришга ўргатади. Буни бир кичик тажриба, деб билинг. Тўғри қарор чиқариш яхшику-я, бироқ тўғри қарор қилаяпман, деб ўйлаб, нотўғри қарор чиқариб қўйсак-чи?! Албатта тўғри қарорлардан кўра нотўғри қарорлар бизни кўпроқ хавотирга қўяди. Чунки нотўғри қарорларнинг натижаси жуда ёмон бўлиши мумкин.

Narrator 1 Қандай қилиб нотўғри қарор чиқармаслик мумкин? Буни сиз-у биздан аввал яшаб ўтган машҳур зотлар ҳаёти орқали билиб олишингиз мумкин. Исо Масиҳ нотўғри қарор чиқармасликнинг энг яхши намунаси ҳисобланади. Тарих бизга кўплаб қарор чиқарган машҳур зотлар рўйҳатини беради. Уларнинг баъзилари тўғри баъзилар нотўғри қарор чиқаришган. Масалан: Мартин Лютер, Ҳаворий Павлус, Абраҳам Линколн ва Гитлер, Сталин, Муссолини. Бироқ улар чиқарган қарорларнинг ҳеч бири Исо Масиҳ чиқарган қарорларга тенглаша олмайди. Саҳрода қирқ кун рўза тутиб, жисмонан қийналаётган пайтда шайтон уни уч марта васвасага солиб кўрди. Овқат билан, Худонинг Каломи билан ва бойлик таклиф қилиш билан.

Narrator 2 Бироқ Раббимиз Исо Масиҳ уларнинг ҳеч бирига алданмади. Шайтон бизнинг ҳаётимизда ҳам мана шу нарсалар билан бизни васвасага солиб, нотўғри қарорлар чиқаришга ундайди. Инсонни ширин, мазали озиқ овқатлар билан васвасага солиш жуда осон. Шайтоннинг ҳийлаларидан бехабар одам худди Одам Ато билан Момо Ҳаводай озиқ овқатга осонгина алданади. Худонинг Каломидан боҳабар одамни эса шайтон Худонинг Каломини ўз мақсади йўлида ишлатиш орқали йўлдан оздиришга, нотўғри қарор чиқаришига ундайди. Агар художўй инсон Каломни яхши билса, шайтон ёлғонига қарши тура олади. Бойликка суяги йўқларни эса иблис пул топишга ундайдиган имкониятларни олдига ташлаб, васвасага солади. Хуллас, душманимиз иблис ҳар биримизнинг заифликларимиздан фойдаланган ҳолда бизни нотўғри қарор чиқаришга ундайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top