MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун Охитўфел ҳақида гапиришдан олдин, ёшлигимда кўрган бир фильмдаги воқеаларни сизларга эслатмоқчиман. Бир пайтлар «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи», деган фильм бўларди. Унда малика Будурнинг отаси шоҳнинг ёнида маслаҳатчилар қад ростлаб турарди. Ҳар сафар бирор бир қийин вазият юзага келганида шоҳ маслаҳатчиларига юзланарди. Охитўфел ҳам шоҳ Довуднинг саройида хизмат қиладиган маслаҳатчилардан бири эди. Шоҳлар ўз саройларига ён-атрофдаги доно кишиларни маслаҳатчи қилиб тайинлар эдилар. Охитўфел ҳам донолиги билан ном қозонган маслаҳатчилардан бири эди. У чиндан ҳам доно бўлган, бироқ бу донолик инсон ақлига таянган доноликдан бошқа нарса эмасди. Бу донолиги унга ҳеч қандай фойда келтирмади.

Narrator 2 У қандай одам эди? У Довудга хизмат қилган бўлишига қарамай, унга садоқатли эмас эди. Буни Довуд кейинчалик ўғли Абсалом унга қарши бош кўтарганида билди. Довуд Қуддусдан бош олиб чиқиб кетди. У сарсон-саргардон юрар экан, кимдир Довудга «Маслаҳатчи Охитўфел ҳам Абсалом билан бирга фитна уюштирганлар орасида экан», — деб қолди. Довуд ҳам бошқалар ҳам Охитўфелнинг донолигини биларди. Шунинг учун ҳам Довуд Худовандга илтижо қилди: «Эй, Эгам! Илтижо қиламан: Охитўфел Абсаломга аҳмоқона маслаҳат берсин!» — деди. Абсалом ҳам ҳудди Довуд қилганидай, Охитўфелнинг ҳамма маслаҳатини сўзсиз қабул қиларди. Охитўфел Абсаломга жуда ёмон ва жирканчли маслаҳат берди: «- Отанг қолдириб кетган канизакларнинг олдига кир. Шунда сен отангни очиқчасига шарманда қилганингни Исроил халқи эшитади» (2 Шоҳ 16:20-21).

Narrator 1 Бу чиндан ҳам Довуднинг обрўсини ер билан битта қиладиган маслаҳат эди. Абсалом маслаҳатчи айтганидай қилди. Кейин эса Охитўфел Довудни қандай енгиш борасида маслаҳат берди. Бироқ саройда қолган, Довудга ҳали ҳам садоқатли бўлган бошқа маслаҳатчи Абсаломга бутунлай бошқача маслаҳат берди. Унинг маслаҳати Абсаломнинг бошқа аъёнларига ҳам маъқул бўлди. Ҳаммалари бир овоздан ўша маслаҳатчининг гапини маъқуллашди. Эгамиз Абсаломни кулфатга дучор қилиш ниятида Охитўфелнинг яхши маслаҳатини беҳудага чиқаришни мўлжаллаб қўйган эди. Бу нарса Охитўфелга жуда ёмон таъсир қилди. У берган маслаҳати амалга ошмаганини кўриб, эшагини эгарлаб жўнади. У ўз шаҳрига- уйига қайтиб келди. Ишларини саранжом-саришта қилиб бўлгандан кейин, ўзини осиб ўлдирди.

Narrator 2 Унинг жасадини ота-боболари хилхонасига дафн қилишди. Ўзининг донолигига ҳаддан ташқари кўп ишонган инсоннинг умри шундай якун топди. Бир марта маслаҳати инобатга олинмаган бўлса, нима бўпти, шунга ўз-ўзини ўлдириши керакми, дейишингиз мумкин. Аммо эсингизда бўлсин, у жуда ақлли ва доно маслаҳатчи эди. У Довудга қарши тўғри маслаҳат берганини биларди. Агар у айтганидай қилса, Довуд енгилиши аниқ эди, бироқ энди маслаҳатига қулоқ солишмади. Бу ҳолда Довуд ғалаба қозониши тайин эди. Довуд саройга қайтиб келса, шундоқ ҳам Охитўфелни қатл қилдирарди. Унинг хатоси Довудга қарши чиққанида эди. У узоқни кўра оладиган, доно, мағрур, шу билан бирга дили Худованддан узоқ бир киши эди. У ўзига жазони ўзи танлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top