Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ҳалқимизда «Аёл кишининг макри қирқ туяга юк бўлади», — деган гап бор. Чиндан ҳам шундай. Агар аёл киши бир ишга киришса жон-жанди билан киришади. Аёл кишининг бундай ҳислатлари борлигини Қадимги Аҳд давридагилар ҳам билган кўринади. Бундай дейишимга сабаб, Довуднинг лашкарбошиси Йўаб яхши иш йўлида бир аёлни ишга солди. Калом бу аёлга донишманд дея таъриф беради. Келинг, шу аёл ҳақида ёзилган парчани ўқиб кўрайлик: «Шоҳ Довуд Абсаломни соғинаётганини Йўаб билди. У биттасини Тахува шаҳрига юбориб, у ерда яшайдиган бир донишманд аёлни олдириб келди» (2 Шоҳ 14:1-2). Йўаб унга қандай кийинишни ва шоҳ ҳузурига боргач, нималар дейишни ўргатди. Аёл шоҳ хузурига келиб таъзим қилди.
Narrator 2 У азали кийимларда, пардоз қилмаган ва кўп вақтдан бери марҳумга аза тутаётгандай кўринишда эди. Шоҳ ундан арзини сўради. Аёл эса Йўаб ўргатган ҳикояни жуда маромига етказиб сўзлади. Ҳикоя мана бундай эди: «- Мен бир бахтсиз тул аёлман, — деди у. – Эрим ўлган. Бу чўрингизнинг икки ўғли бор эди. Иккови далада жанжаллашиб қолишибди. Ўша ерда уларни ажратиб қўядиган бирор кимса йўқ экан, биттаси иккинчисини уриб ўлдириб қўйибди. Энди эса бутун қавмим бу чўрингизга қарши чиқиб: «Биродарини ўлдирганни бизнинг қўлимизга бер, биродарини ўлдиргани учун ундан қасос оламиз, қотилни ўлдирамиз, меросхўрни йўқ қиламиз», дейишяпти. Охирги умид нишонамдан ҳам айирмоқчи.» (2 Шоҳ 14:5-7).
Narrator 1 Шоҳ унинг арзини тинглаб, «Ўғлингнинг бирор тукига ҳам зарар етмайди», — деб ваъда берди. Аёл эса шоҳни мақтади: «Шоҳ ҳазратлари ўз сўзи билан мени тинчлантирадилар. Чунки шоҳим, Худонинг фариштаси каби, яхши-ёмон гапни тинглаб ажрим қиладилар». Шундан сўнг, шоҳга: «Нега ўзингиз қувғин қилган одамни қайтармаяпсиз?» деди. У Йўаб ўргатган ҳамма гап сўзларни шундай гапирдики, шоҳ бундан хафа бўлгани йўқ. У мақтовни ҳам, шикоятни ҳам яна шоҳнинг хатосини ҳам ўз ўрнида кўрсатди. Шоҳ аёлнинг нима мақсадда келганини фаҳмлади. Унинг ажойиб тарзда шоҳга мурожаат қилганидан ҳайрон бўлди. У аёлга: «- Сендан бир нарсани сўрайман, лекин мендан ҳеч нарсани яшира кўрма» — деди. Шоҳ бу ишдан лашкарбошиси Йўабнинг қўли борлигини тахмин қилди. Аёл эса яна шоҳнинг топқирлигига лол қолиб, уни мақтади.
Narrator 2 «- Тўғриси, шоҳ ҳазратлари, сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмас экан! Ҳа, бу чўрингизга шу гапларни ўргатган ва буйруқ берган – қулингиз Йўаб бўлади. Ҳа, қулингиз Йўаб вазиятни яхшилаш учун ўйлаб топди буни. Шоҳ ҳазратлари Худонинг фариштаси каби донодир, эл-юртда бўлиб ўтган воқеалар унинг назаридан четда қолмайди». Бу сўзлар жуда яхши ўйлаб топилган ва асосли мақтовлар эди. Шоҳ ҳузурига кириш ва шоҳдан илтимосига ижобий жавоб олиш учун ҳам донолик керак. Сўзларни ўйлаб, ўрнида ишлатиш лозим бўлади. Таҳувалик аёл айнан шундай сифатли аёл эди. Йўаб уни Қуддусдан қарийб 16 километр жанубда жойлашган шаҳардан олиб келтирганига қараганда, у чиндан ҳам донолиги билан ном таратган аёл бўлган. Бу аёлнинг исми ҳатто ёзилмаган. Бироқ савоб ишга қўл уриб, шоҳни ўз ўғли Абсаломни шаҳарга қайтаришига муваффақ бўлди.