3:02

Ярашиш санъати

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Суҳбатимизнинг мавзуси «Ярашиш санъати». Ҳа-ҳа, ҳайрон бўлманг, ростдан ҳам шунақа санъат тури бор. Бу йўналишда қандай санъат асарлари яратилгани ҳақида эшитсангиз-ку, оғзингиз ланг очилиб қолади. Келинг, мавзудан чалғимайликда, унинг асл моҳиятини чақишга уриниб кўрайлик.

Эр-хотинлар ҳеч қачон сен-менга бормайдиган оила кўзингизга идеалдек кўринади баъзан. Руҳшунослар фикрича эса муносабатларнинг мустаҳкамлиги томонларнинг ҳеч қачон уришиб қолмаслиги эмас, аксинча уришиб туриб қисқа муддатда ярашиб кетиши билан баҳоланар экан. Чунки агар улар уришса, тортишса, демак, бир-бирига, келажагига бефарқ эмас. Бир хиллик ва сукут муносабатлар аллақачон совигани, ўртада бўшлиқ вужудга келганидан далолат беради.

Narrator 2 Севган инсонингиз билан уришиб қолиш ҳар қандай тортишувдан ҳам оғриқлироқ. Италияликларни биласизми? Уларнинг кундалик оилавий ҳаёти жанжалсиз ўтмайди. Жанжал уларнинг кундалик ажралмас қисми. Аммо эътиборингиз учун бир қизиқ фактни келтириб ўтмоқчиман: италияликларда инфарктга чалинувчилар сони ўзини оғир, босиқлиги билан ажралиб турадиган европаликларга нисбатан нақ икки бараварга кам учраши аниқланган. Сабаби, улар ҳиссиётларини жўшқин намойиш этиш орқали стресслардан қутулади. Демак, аслида жанжаллар билан эмас, уларнинг асоратлари билан курашиш керак экан.

Бир савол туғилади, жанжалларга сабаб нима? Сабаби эр-хотинни, хотин эрни ҳатти-ҳаракатларидан норозилик ва уни ўзгартиришга уринишдир.

Narrator 1 Жанжаллашиш қийин иш эмас, бироқ жанжаллардан кейин тўғри ҳулосага келиш, улардан сабоқ чиқариш, иккинчи ярмига нима ёқиши ва нима ёқмаслигини билиб олиш ва шунга кўра ҳаракат қилиш муҳимроқ.

Агар сиз ўзингизнинг ноҳақлигингизни ҳис қилаётган бўлсангиз, ярашиш сари биринчи қадамни қўйишга ҳаракат қилинг. Орамизда «мени кечир» деган сўзни умуман айта олмайдиган одамлар жуда кўп. Сиз ҳам улар тоифасидан бўлсангиз, шунчаки бу гапларни ёдлаб олинг ва ичингизда такрорлаб юринг, бир куни у албатта керак бўлади. Узр сўраганингиз заҳоти у ҳам сизни бағрига босиб, ўз ҳатосини ҳам тан олади. Агар иккинчи ярмингизнинг айбдорлигига ишончингиз комил бўлса, аразлашга тўла ҳақлисиз! Бироқ у сиз билан муроса қилишга ҳаракат қилаётган бўлса, унга имконият беринг.

Narrator 2 Қовоқ-тумшуғингизни солиб, «Сен билан гаплашгим йўқ», — дея унинг шаштини сўндирманг. Агар сиз уни айбдор деб ҳисобласангиз-у, унинг ўзи буни тан олишни истамаса, нима қилиш керак? Жанжал жиддийлашмаслиги учун икковингиз ҳам бироз муддат ҳоли қолишингиз керак. Масалан, уни дўконга юборинг ёки ўзингиз бозор айланишгами, гўзаллик салонигами боринг. Уйга қайтганда ҳовурингиздан анча тушган бўласиз. Яхшиси, барча эътирозларингизни эртасига ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай баён қилинг. Чунки баъзан эркак кишининг жаҳли чиқиб турганида кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Аёл киши ҳам ҳис-ҳаяжонга тўлганида тўғри фикр қила олмайди. Осойишта муҳит эса севган инсонингизнинг айбини бўйнига қўйиш учун айни муддао. Унинг ўзи ҳам бунга ортиқча қаршилик қилмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top