Narrator 1: Ассалому алайкум. Инсон мияси инсоният мавжудлигининг, муваффақиятларининг энг омадли манбаасидир. Худованд инсон миясини шундай мукаммал, шундай ажойиб тарзда яратганки, бундан фақат ҳайратланиш мумкин. Агар мутахассис билан гаплашсангиз, инсон миясида ҳар бир нарсага жавоб берувчи нуқталар мавжудлигини сизга соатлаб гапириб бериши мумкин. Ундан ташқари биз ҳаётда яхши билим олишимиз, яхши ишга киришимиз, кишилар билан яхши муносабат қуришимиз учун ҳам керак бўладиган хотира мустаҳкамлиги мияда мавжуд. Мия янги бир маълумотни қабул қилиб олар экан, унинг ичида ариқча пайдо бўлади. Инсон миясида ариқчалар, ёки йўллар қанчалик кўп бўлса, мия эгасининг қанчалик кўп ўқиганини билдиради. Бироқ шундай ҳолатлар бўладики, эслашимиз керак бўлган нарсаларни эслаб қололмаймиз.
Narrator 2: Нега шундай бўларкин-а?! Бунинг энг биринчи сабаби, киши эътиборининг тарқоқлигидир. Инсон эшитган, кўрган нарсасини диққат билан қабул қилса, ўша маълумот қанчадир муддан мияда сақланади. Эътиборсизлик – хотиранинг энг ашаддий душманидир. Бироқ яхши хотира бу маълумотни яхши етказиб бериш дегани эмас. Баъзилар маълумотларни яхши сақлаб қоладилар, аммо етказиб беришга келганда, қийинчиликка учрайдилар. Маълумот яхши сақланиши ва керак пайтда яна миядан ташқарига етказилиб бериши учун киши ўзини бўш қўйиши ва ҳиссиётларини жиловлаши керак, мана шундан кейингина маълумотни яна миядан қайтариб олишингиз мумкин. Кўпчилик хотираси сустлигидан шикоят қилади. Бунинг бир нечта сабаблари бўлиши мумкин.
Narrator 1: Биринчи ўринда камқонлик, бўқоқ ҳасталиги, депрессия, климакс, спиртли ичимликларга ружу қўйиш ва толиқиш. Қаригандаги хотиранинг пасайиши бу мия тўқималарига етарлича қон етиб бормаслиги туфайлидир. Буни тиббиёт ходимлари Альцгеймер касаллиги деб атайдилар. Бундай ҳолатда махсус тиббий даволаниш талаб этилади. Аммо яна битта хотира сусайишининг тиббиётга алоқадор бўлмаган сабаби бор. Бу – миянинг ҳаракатсизлиги. Киши бирор бир машғулот билан банд бўлмаса, мия қотиб қолади. Мияни янги ахборотлар билан таъминлаб турадиган машғулот, хотирани яхшилайди. Шунинг учун ҳам ақлий меҳнат билан шуғулланадиган кишилар, ҳатто қариган чоғларида ҳам кучли хотирага эга бўладилар. Аммо фақат ақлий меҳнат билан шуғулланиш ҳам ярамайди. Ақлий меҳнат билан шуғулланадиган кишилар ақлий меҳнат билан бирга жисмоний меҳнатни ҳам олиб боришлари керак.
Narrator 2: Ҳар куни бирор бир жисмоний иш қилишга, ҳеч бўлмаса машқ қилишга ҳаракат қилинг. Эрталабки бадантарбия, югуриш, тез юриш қон айланишини яхшилайди ва мияни кислород билан таъминлайди. Тўйиб ухлаш эса мияни толиқишдан асрайди. Доимий кам ухлаш хотирани камайтириб юборади. Тунги уйқу даврида мия куни билан олинган маълумотларни саралайди. Баъзиларини эса доимий хотира қисмига ўтказади. Кам ухлайдиган одамларнинг мияси эса бу ишни бажаришга улгурмай қолади ва янги маълумотни қабул қила олмайди. Миямизнинг яхши ишлаши биз олаётган озуқаларга ҳам боғлиқ. Масалан, мия учун глюкоза, холин ва фосфолипидлар, витамин Е, С ва В гурухидаги витаминлар, бета-каротин ва фолат кислоталари керак. Бундай витамин ва минераллар миямизни озиқлантириб, соғлом бўлишига ва яхши эслаб қолишига ёрдам беради.