Narrator 1: Ассалому алайкум. Киши баъзан – баъзан ҳаётида учраб турадиган қийинчиликлар сабаб тушкунликка тушиб қолади. Шунда бу тушкунликни енгиш учун бир оз музқаймоқ унинг дардига дармон бўлади. Чиндан ҳам музқаймоқ ҳаммага бирдек ёқади. Бу мазали музқаймоқнинг тарихи, «туғилган жойи», шунингдек бугуни ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Маълумотларга кўра, музқаймоқ ихтирочисининг номи асрлар уммонида изсиз кетди, унинг пайдо бўлиш тарихи денгиз тагидаги марварид тўла кўзa мисол афсоналарга айланди. Аммо баъзи манбалардаги Исо Масиҳ таваллудидан 3000 йил олдин хитойлик бой-боёнлар дастурхонига тортилган қор солинган мевали шарбат музқаймоқнинг «онаси» бўлганлиги балки ҳақиқатдир.
Narrator 2: Машҳур венециялик саёҳатчи Марко Поло музлатилган мева шарбати рецептини Европага олиб келди. Саёҳатчининг ошпазлари эса шарқона ғайритабиий десерт таркибига сут қўшишди. Бу сирли, тансиқ десерт италиялик аъёнлар, кейин эса бутун европаликлар кўнглини забт этди. Музқаймоқ анча вақтгача шоҳона десерт сифатида сарой зодагонларининг дастурхонига тортилган. Англия қироличасининг набираси Карл жаноби олийлари бу мазали таъмдан лаззатланиб, ошпазига музқаймоқ тайёрлаш сирини сақлаш шарти билан бир умрлик нафақа тайинлайди. Бироқ ошпаз Париждаги қаҳвахона эгасига ўзининг янги рецептларидан бирини сотди. Шу тариқа «Шоҳона десерт» ҳаммабоп лаззатга айланди. Тез орада Франциядаги Пловъер шаҳрида ҳақиқий «Пломбир» — қаймоқли музқаймоқни ихтиро қилишди. Шундан кейин Италияда таркибига турли мевалар қўшилган ассорти, Австрияда эса шоколадли музқаймоқлар яратилди.
Narrator 1: Музқаймоқнинг оммалашишига америкаликлар сабабчи бўлишган десак хато бўлмайди. Чунки улар музқаймоқни десерт сифатида таомномага киритишди. Бугунги кунга келиб, бутун дунёда музқаймоқнинг мингдан зиёд турлари мавжуд. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига кўра бир йилда дунё бўйича 7,5-11 миллард долларлик музқаймоқ ишлаб чиқарилар экан. Россия музқаймоқ тайёрловчилар қўмитаси директори В. Волковнинг айтишича, музқаймоқ ёзнинг жазирама кунларида тана ҳароратини тушириб, инсондаги энергияни тиклаш ҳусусиятига эга. Олимларнинг фикрича, музқаймоқ кишини диққинафаслик, кўнгил ғашлиги, тушкунлик ҳолатларидан қутқаради. Тажрибалар давомида музқаймоқ еб турган 50 нафар одамнинг бош мия фаолияти замонавий ускуналар ёрдамида текширилди.
Narrator 2: Тадқиқотлар музқаймоқ миянинг хурсандчилик ҳамда яхши кайфият учун «жавобгар» худудларига таъсир қилишини исботлади. Музқаймоқ ангина, тонзиллит, гайморит, фронтит сингари касалликлар билан оғрийдиган беморларга тавсия қилинмайди. Лекин айрим шифокор томоқ билан боғлиқ касалликларни музқаймоқ ёрдамида даволаш тарафдори. Танани совуқ ҳароратга чиниқишга ўргатганимиз каби томоқни ҳам бундай муолажаларга кўниктириш мумкин. Музқаймоқни доимий равишда ейиш иммунитетни ҳосил қилади ва томоқ паст ҳароратга мослашиб боради. Фақат бундай машқларни аста – секинлик билан амалга оширган маъқул. Шундай экан, фарзандларингиз ёки ўзингиз учун музқаймоқ сотиб олар экансиз, унинг меъёрини ҳам билишингиз керак бўлади. Бирданига кўп музқаймоқ ейиш, фойда эмас, зиён етказиши мумкин.