3:01

Тирик сувнинг булоғи

MP3

Narrator 1: Ассалому алайкум. Бугун одамлар нима ҳақида ўйлашади. Фақат ўзлари ҳақида! Агар шу ишни қилсам менга нима фойда бўлади? Бундан менга бирор зиён етмайдими!, деган фикрлар бор уларнинг миясида. Агар бошқалар унчалик фойдали деб билмайдиган ишни қилаётганимизни кўрсалар: «Нега ўзингни уринтираяпсан, бундан сенга нима фойда», — дейишади. Биз ростдан ҳам ўша яхши иш бўлган, аммо бизга фойда бермайдиган ишдан қандай фойда кўрамиз? Худога ишонган кишилар, «Бундан қандай фойда кўраман», — деб эмас, «Бундан Худо қандай фойда» кўради деб фикр юритишлари керак. Одамлар бизга қараганда бизда Худонинг нурини кўришлари керак. Агар ҳаётимиз, ишларимиз билан Худонинг иноятини кўрсата олмасак, Муқаддас Руҳ ёки тирик сув биз орқали оқиб чиқмайди. Биз фақат ўзимиз учун яшасак, Муқаддас руҳга тўла олмаймиз.

Narrator 2: Худо учун яшаганларнинг юрагидан, вужудидан Муқаддас Руҳ оқиб чиқади ва уларни яна ҳам жонлантиради. Би куни ёзда дарё четида ўтириб, бир болакайнинг сувга тушаётганини кузатдим. Аввалига сув унинг тўпиғидан келди. У юришга қийналмади. Кейин яна ичкарироққа юравергач, сув тиззасидан келди, бунда юриш салгина қийинлашди. Қўрқув йўқ эди. Кейин эса сув белидан келди. Бу пайтда юриш анча қийин бўлиб қолди. У то сув томоғидан келгунча сув ичида юришда давом этди. Сув томоғидан келганида деярли юришнинг иложи бўлмай қолди. Болакай ваҳимада бақира бошлади. Аммо бир неча сониядан кейин мўъжиза юз берди. Сув болакайни кўтариб, олдинга олиб кетди. Болакай ҳам сузишни билар эканми, осонгина сувнинг ёрдамида у ёқ-бу ёққа сузиб юраверди.

Narrator 1: Бу ҳолатни кузатиб Худо фарзандларининг руҳий ҳолати кўз олдимга келди. Биз Муқаддас Руҳга, яъни тирик сувга эга бўлганимизда, худди сув тиззамизга келгандай ҳис қиламиз. Тиззамизгача сувда юриш жазирамада бизга роҳат бағишлайди. Аммо бу ҳали етарли эмас. Яна кўпроқ Худо йўлида юришда давом этамиз ва Худонинг Муқаддас Руҳидан баҳраманд бўламиз. Шунда сув худди тиззамизгача келгандай бўлади. Биз энди ўзимизни яхшигина Муқаддас Руҳга тўлган деб ҳисоблаймиз. Аммо бу ҳам ҳали етарли эмас. Бизда қанча кўп Муқаддас Руҳ бўлса, ташқи томондан ҳужумлар ҳам шунча кўп бўлади. Сув белимизгача келганида ёки томоғимизгача келганида Худо йўлида юриш анча қийин бўлиб қолади. Энди тўлиқ Худонинг кучига ишонишимиз керак. Биз эса ўз кучимизга ишониб, сув ичида қадам ташлашга ҳаракат қиламиз.

Narrator 2: Мана шу пайтлар Худо фарзанди учун энг муҳим ва қийин пайтлар ҳисобланади. Бу дунёда яшаймиз, бу дунёнинг ёзилмаган қонунларига амал қилиб яшашимиз керак, аммо Муқаддас Руҳга тўлган одам бундай яшай олмайди, хуллас иккиланишлар, қийинчиликлар ичида қолганимизда Худонинг мўъжизаси рўй беради. Ана энди Тирик сув бизни олиб кетади. Энди ҳаётда юраётган биз эмас, айнан ичимиздан тошиб чиқаётган тирик сув, яъни Муқаддас Руҳ бўлади. У бизни бошқаради. У бизни олиб юради. Мана шундай ҳисни туйиш қандай ажойиб! Қаерда муқаддас сув бўлса, ўша ерда мўл-кўл ҳосил бўлади. Худонинг Муқаддас Руҳига-тирик сувига эга бўлган ҳар бир имонлининг ҳаёти Муқаддас Руҳнинг самараларига бой бўлади. Бундай одам руҳий қурғоқчиликда қолмайди. Ҳаётнинг синовларида ақли шошиб қолмайди. У Худо нима қилаётганини ва нима қилмоқчи эканини билади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top