MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Баъзан Худованд ўз фарзандларининг ҳаётида қудрат билан ишлаши учун бошқалардан қурол сифатида фойдаланади. Юсуф ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак. Ҳатто Муқаддас Каломни ўқимаганлар ҳам Юсуф деган пайғамбар ўтганини, унинг ҳаддан ташқари чиройли ва келишган бўлгани ҳақида гапиришади. Биз унинг қанчалик даражада чиройли бўлганини билмаймиз, аммо Худовандга садоқатли, кўнгли тоза инсон бўлганини биламиз. Худованд Юсуфнинг ҳаётида ишлаши учун Пўтифардан фойдаланди. Юсуфни акалари Мисрга кетаётган карвонга сотиб юборишганидан кейин. Карвон Мисрга келди. Карвонбоши уни қул бозорида айланиб юрган Фиръавн саройининг маъмури ва соқчилар бошлиғи бўлган Пўтифарга сотди. Пўтифарнинг хонадонига қул керак эди. У пайтларда бой одамни қулларининг саноғига етиб бўлмасди.

Narrator 2 Пўтифар Юсуфнинг кимлигини суриштириб ҳам ўтирмаган бўлса керак. Балки суриштиргандир. Унинг иброний эканини, Иброҳим наслидан эканини билгандир. Нима бўлганда ҳам Худованд Юсуф билан бирга эди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Худованд Юсуф билан бирга эди…. Чунки Юсуф қўл урган ҳар қандай ишга Худованд омад берар эди» (Ибт 39:2). Худованд Юсуфни ташлаб қўймаган экан, доимо у билан бирга эди. Ҳатто Пўтифарнинг уйида хизматкорлик қилиб юрганида ҳам. Одатда, қул сотиб олган одам, унинг қандай ишлаётганини обдон кузатади. Яхши ишласа, уйида олиб қолади, ёмон ишласа сотиб юборади. Пўтифар ҳам Юсуфни кузатган. У йигитнинг нимасидир бошқалардан ажралиб туришини сезган. Унинг қилган ҳар бир ишига илоҳий ёрдам бўлаётганини кўрган.

Narrator 1 Шунинг учун ҳам у Юсуфни ўз хонадонинг бошқарувчиси қилиб қўйди. Калом Пўтифар Худованд Юсуф билан эканини англади, — деб ёзади. Худованд Юсуф орқали Пўтифарнинг хонадонига барака бераётганини ҳис қилди. Бугун ҳам халқимиз орасида баъзи-баъзида «Фалончининг қадами ёқди. Ўшандан буён уйимизга яхшиликлар ёғилаяпти» Ëки бўлмаса «Фалончининг қадами ёқмади. Шумқадам экан», — деган гаплар юради. Пўтифар ҳақиқий барҳаёт Тангрининг кимлигини билмаган бўлса ҳам, Юсуфнинг Худоси бошқача эканини билган. Унга қандайдир илоҳий ёрдам келишини англаган. Унинг қилган ишларини кузатиб, бутун хонадони ва мол-мулки устидан назоратчи қилиб қўйди. Унинг ишончли эканини билгани учун ҳам шундай қилди. Калом Пўтифарнинг хонадони ҳақида шундай дейди: «Мисрликнинг хонадони ва бутун мол-мулки устидан Юсуф гумашта қилиб тайинланган вақтдан эътиборан Худованд Юсуф туфайли у хонадонни баракали қилди…»

Narrator 2 Энди Пўтифарнинг уйидаги ва даштдаги ҳамма нарсасида Худованднинг баракати намоён эди. Бек ўзининг бор-йўғини Юсуфнинг қарамоғига топшириб, энди ўз томоғидан бошқа ҳеч нарса ҳақида қайғурмас эди. Авваллари Пўтифар, хизматкорларига ишонмай, бутун мол-мулкини ўзи назорат қилиб турар эди. Хизматкорлар, қилинган ишларни назорат қилиш тўлиқлигича унинг зиммасида эди. Бироқ Юсуфнинг ишларини, Худованд у билан эканини билгач, Пўтифар ҳеч иккиланмай, ўз хонадони устидан назоратчи қилиб қўйди. Қадимда жуда кўп одамларга Худованд ўз халқининг бирор бир вакили ёрдамида яқин бўлган, аммо улар ўз моддий ҳаёти-ю, муваффақиятлари ҳақида ўйлаган. Ундан ортиғини ўйлаш, Худованд ҳақида кўпроқ билиш уларнинг ҳаёлига ҳам келмаган. Бу ҳолат бугун ҳам бор. Яратувчининг қандайлигини билиш сизга қизиқ бўлса, у ҳақида бизнинг www.najot.com сайтимиздаги мавзулар орқали билиб олинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top