3:16

Исроил эркаклари

MP3

Narrator 1: Ассалому алайкум. Инсон ҳаёт экан, ён атрофида, ўз ҳаётида бўлаётган воқеалардан ҳулоса чиқариб, сабоқ олаверади. Борган сари ҳаётнинг сабоқларидан донолашади. Шунинг учун ҳам қарияларни ҳурмат қиламиз. Уларнинг ҳаётий тажрибаларини қадрлаймиз. Улар ёшлардан кўра кўпроқ нарсани кўриб, кўпроқ нарсани ўрганишган. Агар вақт машинаси бўлганида эди. Сизларни эрамиздан бир неча юз йил аввалги вақтга қайтариб, бир воқеани кўрсатган бўлар эдим. Мана шу воқеа бутун инсониятни Худо амридан бош тортиш, Унга бўйсунмаслик қандай бўлишини кўрсатган бўлар эди. Вақт машинамиз бўлмаса ҳам Худованд берган ажойиб тасаввур қилиш қобилиятимиз бор. Келинг тасаввурингизни ўша замонга йўналтираман. Тасаввур қилинг. Исроил халқи Мўаб халқи яқинида. Улар Шитим деган жойда Мўаб текислигида жойлашишди.

Narrator 2: Улар узоқ йўлдан сўнг, бу текисликда бир мунча вақт қолган бўлишса керак. Чунки исроил эркаклари мўаб аёллари билан зино қила бошлашди. Мўаб аёллари уларни ўз худоларига бағишланган қурбонлик зиёфатларига таклиф этишди. Исроил халқи эркаклари эса уларнинг қурбонлигидан танаввул қилиб, худоларига ҳам сажда қилишди. Мана шу жойда улар жуда ҳаддиларидан ошишди. Улар йўл-йўлакай, ўз Худосининг қудратини, мўъжизасини, ғамхўрлигини кўрган, Худонинг амрларини шахсан эшитган халқ унга қарши гуноҳ қилди. Худованд уларга: «Бошқа халқлар билан аралашиб кетманг, уларнинг худоларига сажда қилманг. Чунки Мен Худованд рашкчи — Худоман» — деган эди. Бироқ бу амрни ва шу амрни бажарамиз, деб айтган сўзларини унутиб, Мўаб аёллари билан кўнгилхушлик қилишди.

Narrator 1: Бир гуноҳ ортидан, яна бошқа жиддийроқ гуноҳга қўл урилади. Ўша дамда ўз Худосини унутиб, Мўабнинг худоларига ҳам сажда қилишдан ҳам тоймадилар. Бу энг даҳшатли гуноҳ эди. Исроил халқи эркаклари Пиёрдаги худо Баалга қаттиқ боғланиб қолгани учун, Худованд улардан ғазабланди. Худованд халқ бошига ўлат юборди. Бунинг ҳаммаси Худованднинг амрига бўйсунмасликнинг натижаси эди. Худованд Мусога: «Бу халқнинг бошлиқларини ушла. Уларни куппа-кундузи…менинг олдимда дорга ос. Шунда Мен Исроил халқидан қаҳр-ғазабимни қайтараман.» Мусо Исроил халқидаги Баалга сажда қилган ҳар бир одамни ўлдиришни буюрди. Шу пайт Исроил халқи орасидан бир эркак Мидиёнлик бир аёлни бошлаб келиб қолди. Рухоний Хоруннинг набираси Пинхос ўрнидан туриб, найза билан уларнинг иккисини ҳам ўлдирди. Шу сабаб Худованд Ўз қаҳрини Исроил халқидан қайтариб олди.

Narrator 2: Худованднинг амри муқаддас. Ундан бўйин товлаб бўлмаслигини ҳар бир исроиллик яхши билиши керак эди. Улар Мўаблик аёлларнинг таъсирига тушиб, хушёрликни унутди. Аслида Мўаб оқсоқоллари ўз аёллари ёрдамида исроил халқини заифлаштирмоқчи, ўз эътиқодларидан қайтариб, ўзларидай қилиб олмоқчи эдилар. Бу мўаб оқсоқолларининг режаси эди. Худованд бу режанинг амалга ошишига йўл қўймади. Исроил эркакларининг итоатсизлиги, енгилтаклиги натижасида халқ орасидан 24.000 одам ўлди. Мана шундан сўнг улар хушёр тортишди. Худонинг амрини қайта эслашди. Унга итоат қилмаганларидан даҳшатга тушишди. Худовандга тавба қилиб, яна Унга сажда қила бошлашди. Исроил халқи билан бундай воқеа жуда кўп бўлган. Улар ҳар сафар қилган гуноҳларига жазо олганларидан кейингина, ҳушёр тортишган. Умид қиламанки, сизда ундай эмас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top