Narrator 1: Ассалому алайкум. Инсон дунёга келибдики, атрофида унинг оиласи бўлади. Оиласиз инсон чўлда қолган дарахт ёки гиёҳ кабидир. Оила бу кичик бир дунё. Бизни қўллаб қувватлайдиган, бизни доимо илиқ тафти билан ўзига чорлайдиган бир макон. Оиламизнинг қандай муҳитда бўлиши ўзимизга боғлиқ. Уни шодлик ва муҳаббат билан тўлдириш ўзимизнинг қўлимизда. Баъзан кичик дилхираликлар, жанжаллар бўлиб туради, аммо уларни ортга ташлаш ва янги кунни бошлаш ҳам ўзимизнинг қўлимизда. Бунинг учун қарор қабул қилишимиз керак. Биз нима учун яратилганмиз?! Нима учун турмуш қурдик?! Бир-биримизни бахтли қилиш учун. Ҳаётингизда бир-бирингизни тушуниб яшаш оила мустаҳкамлигининг энг биринчи ва мусатаҳкам қадамидир. Бунинг учун нима қилиш керак?
Narrator 2: Ҳаммамизга оғир иш кунидан кейинги чарчоқ жуда яхши таниш. Бундай пайтда энг арзимас ҳисобланган нарса ҳам кайфиятимизни буза олади. Табиатан ҳар бир киши, айниқса аёллар кун давомида бошидан кечирган нарсаларни яқинларига айтиб беришга ошиқади. Аммо бундай қилишга шошилмасликни маслаҳат берамиз. Кун давомида сизга қандай адолатсизликлар қилингани, ҳафа қилишгани, кайфиятингизни бузишгани ёки қанчалик қаттиқ ҳаракат қилганингизни оилангиздагилар билиши унчалик муҳим эмас. Бу маълумотлар сиз билан бирга уларнинг ҳам кайфиятига ёмон таъсир қилиши мумкин. Ахир улар ҳам ишдан чарчаб келишган. Шунинг учун бу кўнгилсиз ҳиссиётларни эшик ортида қолдирган маъқул. Уйга фақат хотиржамлик ярашади. Уй чиндан ҳам ҳиссиётлар дам оладиган, илиқ фикрлар алмашинадиган жой бўлиши лозим.
Narrator 1: Уймиз доимо бизга илиқлик бахш этиши учун, хонадаги жиҳозлар ўрнини ҳам кўнгилдагидай жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун эр-хотин бир кунни белгилаб, жиҳозларни ўзларининг истакларига мос равишда ўзгартиришлари мумкин. Бу жараёнда болалар ҳам иштирок этиши, оила муносабатларини яна ҳам мустаҳкамлайди. Ундан ташқари пардалар, уйга қўйилган декоратив жиҳозлар, ошхонадаги идиш товоқлар ҳам ёрқин, кишини тинчлантирадиган рангда бўлиши керак. Бу кун охирида ишдан чарчаб келган ҳар бир оила аъзосини ҳотиржам қилади. Уй бекаси ишдан бўш вақтида болалари билан бирга ўтириб, расм чизиш мусобақасини ташкил қилиши ва фарзандлари томонидан яратилган санъат асарларини чиройли рамкаларга солиб, деворларга илиб қўйиши мумкин.
Narrator 2: Бу ҳам сизнинг кайфиятингизни кўтаради. Ишдан келгач, фарзандингиз чизган расмга қараб, қалбингиз қувонади. Болалар санъат асаридан ташқари ҳаётингизнинг энг чиройли онларини муҳрлаган суратларни ҳам хонанинг у ер бу ерига қўйиб қўйинг. Кечки овқатга бирга ўтиринг. Бу пайтда фарзандларнинг ютуқлари, яхши воқеалар ҳақида гаплашинг. Кечки овқатни еб бўлгач эса, ҳамма ўз ишига киришади. Фарзандлар тайёрланиб улгурмаган дарсини қилишга, бошқаси эртанги кунга тайёрланишга уй бекаси идишларни ювиб жойлаштиришга. Эр эса газета ўқиб телевизор кўришга.
Бу билан кун тугамайди. Ҳамма ўз ишини қилиб бўлгач, фарзандлар ухлагани ётганида, эр-хотин чой ичиб, кун давомида бўлган яхши нарсалар ҳақида гаплашиши бир-бирини тушунишига ёрдам беради. Азизлар сизни оила мавзуси қизиқтирса ҳар доимгидай бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.