2:58

Эркаклар ҳам гуноҳкор

MP3

Narrator 1: Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ҳеч бир руҳшунос, олим эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларни тўлиқ ўрганиб тугатмаган бўлса керак. Бу шундай чуқур ва шундай кенг мавзуки, бу ҳақида соатлаб гаплашиш мумкин. Аммо бугун аёл-эркак ўртасидаги бир муаммоли вазиятга диққатингизни қаратмоқчимиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега аёл зоти эркак кишининг сўзларига, амрига бир мартадаёқ амал қилмайди? Ё бўлмаса, қарши фикр билдиради. Ўзиникини маъқуллашга ҳаракат қилади. Эркакнинг қарорларини қўрқув ва ҳавотир билан қабул қилади. Хўш, бунинг сабаби нимада экан?

Аёлнинг нима учун эркак ҳукмронлигига осонгина рози бўлмаслигининг ўзига яраша сабаблари бор. Аёл киши унинг қарорларига бўйсунсам, мен учун яхши бўлмайди, — деб ўйлайди.

Narrator 2: Аммо эркаклар ҳам ҳақиқатга тик қарашлари керак. Улар ҳам аслида гуноҳкор. Яна илк инсонларни ёдга олсак. Аёл киши шайтоннинг ҳийласига алданиб, гуноҳ қилган бўлса, эркак билиб туриб гуноҳ қилган. Худо уларга яхши ва ёмонни билиш дарахти мевасидан еманглар, деганини яхши билгани ҳолда, аёлнинг гапига кириб, гуноҳ қилди. Шунинг учун ҳам аёллар эркаклар хато қилишга мойил деб ҳисоблайди. Ундан ташқари эркак киши кўп ҳолларда билиб туриб, нотўғри қарор қабул қилади, билиб туриб гуноҳ қилади. Ҳеч бир эркак ҳар доим «Яхши қарорлар чиқараман, ҳеч қачон хато қилмайман», — дея олмайди. Шунинг учун ҳам эркакнинг қарорига аёлнинг биринчи жавоби бу қўрқув, жаҳл ва ҳатто норозилик бўлади. Шундай ҳолатда ҳар бир аёл: «Худо қандай қилиб бунга йўл қўяди?!», — деб ҳайратланади.

Narrator 1: Аёл эримнинг хато ишлари орқали, менинг бугуним ва келажагим хавф остида қолади, деб ўйлайди. Гарчи ичида Худонинг амри бўйича эрига бўйсуниши кераклигини ҳис қилса ҳам, «агар ундай бўлса-чи, бундай бўлсачи» — деган ҳавотирлар уни тарк этмайди. Аёл эрининг ҳато қарорлар чиқараётганини олдиндан ҳис қилади. шу туфайли оиласига зиён етиши мумкинлигини ҳам билади. Шунинг учун ҳам унга бўйсунишга қийналади. Эркак эса баъзан билиб, баъзан билмай нотўғри қарорлар чиқаради. Бу қарорлар оиласига, рафиқасига зиён келтиришини билса ҳам, эркаклик сўзидан қайтгиси келмайди. Чунки, биринчи хато уларга қимматга тушган. Одам Ато аёли Момо Ҳавонинг гапига кириб, катта ҳато қилган эди. Шунинг учун бугунгача аёлнинг гапига кирмаслик уларнинг қон-қонига сингиб кетган.

Narrator 2: Аёл тўғри айтса-айтмаса, эркак унинг сўзини қабул қилишни ўзига ор деб билади. Агар эркак нотўғри қарор қабул қилаётган бўлса, бечора аёл нима қилсин?! У ўзининг ва болаларининг келажагига зиён етишини истамайди-ку! Бу борада аёл киши ҳақ эмасми? Қисман «Ҳа», қисман «Йўқ», деб жавоб беришимиз мумкин бу саволга. Эри нотўғри қарор чиқараётгани масаласида аёл киши ҳақ. Аммо бўйсунмаслик масаласида ҳақ эмас. Эркак нотўғри қарор чиқарса чиқармаса, аёл киши унинг амрларига итоат этиши шарт. Бу бизга Худованд томонидан берилган буйруқ. Эрларимиз нотўғри қарор чиқараётганларини билиб туриб, ҳам оқибатини Худонинг қўлига ташлаб, имон билан бўйсуниш бу художўй ва оқила аёлнинг иши. Агар аёл шундай йўл тутса, Худованд эрининг ҳам хатосини ўзига кўрсатади ва кейинги сафар шундай хато қилмасликка ундайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top