Narrator 1: Ассалому алайкум. Яқиндагина олти ёки етти ёшли фарзандингизни мактабга бердингиз. Баъзи ота-оналар фарзандининг уқувли ва зийрак эканидан фаҳрланса, баъзилар фарзандининг ҳали ҳам мактабга кўника олмаётганидан ташвишга тушади. Ташвишга тушишга асло ҳожат йўқ. Бу давр бола учун ҳам ота-она учун ҳам масъулиятли давр ҳисобланади. Ўзингиз ҳам мактабга борган чоғларингизни эслайсизми? Тарих ва адабиёт фанидан қизиқарли мавзулар, жисмоний тарбиядан спорт мусобақалари, математика фани бўйича беллашувлар… Ишончим комилки, айнан математика фани ҳақида гап кетганда кўпчилик ота-оналарнинг юзи ўзгариб кетади. Олиб борилган тадқиқотлар бўйича, математика, катта синфларда эса алгебра ва тригонометрия аксарият ўқувчилар учун энг ёқимсиз ва мураккаб фанлардан бири ҳисобланар экан.
Narrator 2: Сизнинг болангиз ҳам математикадан суст бўлса, уларга математикани ҳозирги ёшидан бошлаб оддийдан, мураккаброққа қараб аста-секин ўргатиб боринг. Машғулотлар ёрдамида боланинг ақлий салоҳиятини ошириш мумкин бўлади. Аксарият ота-оналар болани ёшлигидан тушунарсиз ҳисоб-китоблар билан зўриқтириш нимаси, дейишлари мумкин. Аммо кичкинтой билан шуғулланмайдиган ота-оналар кейинчалик бу масъулиятни осонгина устозлар зиммасига юклайдилар. Ваҳоланки, илк устоз ота-она ҳисобланади. Гап оддий математика ҳақида кетмоқда. Унинг илк сабоғи оламни танитиш, уйда, кўчада предмет ва тирик мавжудотларнинг ранги, катта-кичиклигини кўрсатишдир. Ана шундан сўнггина уларнинг сони, кўп озлиги билан таништириш бошланади.
Narrator 1: Бир сўз билан айтганда, математика бизни ўраб турган олам ҳақида ахборот бериб, онгимизни бойитади. Фарзандларингиз учун математика қизиқарли фанга айланишини истасангиз, биз билан бирга машғулотни бошланг. Атрофдаги предмет ва нарсаларни бола билан биргаликда сананг. Бунда ўзингиз ташаббус кўрсатинг. Кўчадан уйга кираётганингизда зинапояларни сананг. Ликобчадаги олмалар ёки конфетларни сананг. Фарзандингиздан у ерда нечта конфет борлигини сўранг. Икки ёшли болаларга ҳам математикани ўргатиш мумкин. Унга «ноль»нинг нималигини ўргатинг. Масалан унга шундай савол беринг: «Чўнтагингда нечта сигир бор? Чўнтагингда сигир йўқми? Уйимизда нечта тимсоҳ бор? Бунақа жониворлар бизникида яшамайдими? Улар нечта? Улар «ноль»та.»
Narrator 2: Уч ёшли болакайингиз учун математика аралашган, ҳикоя сўзлаб беринг. Масалан унга шундай денг: «Қутида ётган қаламлар бир бирлари билан баҳслашиб қолишибди. Кўк қалам ўрнидан туриб дебди: — Мен шу қутида энг керакли қаламман. Болалар доим мени биринчи танлашади, осмон ва денгизни чизишда ишлатишади. – Йўқ, энг асосий қалам мен бўламан, дебди қизил қалам. – Энг асосий қалам бу мен, дебди яшил. Ахир менсиз болалар қандай қилиб дарахт ва ўтларни тасвирлайдилар? «Майли баҳслашаверинглар», дебди сариқ қалам ичида. Аслида энг керакли қалам мен бўламан. Болажонлар мен билан қуёшнинг рангини бўяшади.» Хўш, болажон! Қутида нечта қалам бор экан? Болангиз ўйлаб туриб жавоб беришни ўрганади. Фарзандингизни бу фанга ўргатар экансиз, мақсадга интилиш, барча ишларни якунига етказиш каби ҳислатларни ривожлантирган бўласиз. Яна www.najot.com сайтимизга кириб кўрсангиз бу ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўласиз.