Ассалому алайкум. Аёл зоти табиатан гўзалликка мойилроқ этиб яратилган. Гўзаллик ва нафосат рамзи бўлган аёл ҳар қандай ҳолатда ўзига эътибор бериб, ораста юриши лозим. Бунда, албатта косметиканинг ҳам ўрни бор. Кўзгу қаршисида ўзига беш дақиқагина оро берган аёлдан латофатлироғи ва ёқимлироғи топилмаса керак. Бироқ ҳомиладорлик пайтида одатдагидек косметика воситаларидан фойдаланиш аёл соғлиғига акс таъсир етказиши мумкин. Аслида ҳомиладорлик ҳам бир давр. Бу пайтда аёллар янада гўзаллашиб, ўзгача бир кўринишга эга бўладилар. Кўп йиллик тажрибалар ва олимлар ўтказган текширувлар натижасига кўра, оналикка тайёрланаётган аёлларнинг бу лаҳзаларда нафақат ташқи кўриниши, балки феъл-атворида ҳам ўзгаришлар содир бўлиши мумкин экан. Шу сабаб ҳомиладорликда кимдир янада гўзалроқ кўринса, кимдир ҳатто кўзгуга қараб, ўзини тартибга келтиришни ҳам истамай қоларкан. Бу – вақтинчалик ҳолат, бола дунёга келиши билан аёлдаги руҳият ва унинг ҳаётга бўлган муносабати яна асл ҳолига қайтади. Лекин баъзи аёллар ҳомиладорлик пайтида ҳам ҳар доимгидек гўзал кўринишни истайди. Бундай ҳолатда хавфсиз косметика ёрдамга келади.
Ҳомиладорлик пайтида бўлғуси онанинг териси жуда сезувчан ва таъсирчан бўлиб қолади. Шу сабабли ҳам ранг берувчи кремлардан имкон борича фойдаланмаслик лозим. Чунки ранг берувчи кремлар юз терисидаги жуда майда тешикчаларни ёпиб қўяди. Бу даврда янги чиққан косметик маҳсулотлардан фойдаланмаслик лозим. Чунки ҳомиладорлик даврида аллергияга мойиллик кучли бўлади. Шунингдек уй шароитида тайёрланган косметик маҳсулотлардан ҳам фойдаланиш ярамайди. Бу пайтда терига тетиклик бағишловчи ва уни бир мунча силлиқловчи, намлантирувчи воситалардан фойдаланган маъқул.
Кўзларга ҳам эътибор лозим. Кўз шаклини подводка ёрдамида ёрқин кўрсатиш мумкин. Бунинг учун унинг атрофини кўз шаклига мос тарзда чиройли шакл бериб чизиш керак бўлади. Агар кўзлар атрофидаги тери жуда таъсирчан бўлса, унинг ўрнига шаффоф гел ишлатиш мумкин.
Лаб бўёғидан тез-тез фойдаланадиган ҳомиладор аёл саломатлигига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун лаб бўяшда айниқса, овқатлангандан сўнг лаб учун махсус бальзамлардан фойдаланган маъқул. Шунда лаблар бирмунча намланиши билан бирга ярқироқ тус олади.
Ҳомиладорлик пайтида аёл ҳидларга ўта таъсирчан бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам имкони борича атир упа-эликдан эҳтиёт бўлиб фойдаланиш керак. Чунки шу пайтгача кўнгилга ёққан ифорлар ҳомиладорлик вақтида акс таъсир кўрсатиб, бош айланиши ва кўнгил айнишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда енгил ифорли парфюмерия маҳсулотларини, айниқса, шарчали атир ва дезодорантларни танлаган маъқул.
Доимо маникюрдан фойдаланиб ўрганиб қолган аёллар ҳомиладорлик пайтида ҳам маникюр қилишдан қўрмаслиги керак. Чунки бундай пайтларда тирноқларга кальций етишмаслиги оқибатида улар соғлом кўринишини йўқотиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун таркибида кальций моддаси бўлган лаклардан фойдаланиш керак. Тирноқларнинг синиши ва мўртлашиб қолишининг олдини олиш учун денгиз тузи солинган ванна катта фойда беради.