Narrator 1 Ассалому алайкум. Эркаклар билаги, бақувват ғайрати тоғни қўзғатиши мумкин, аммо баъзи масалаларда, ҳусусан соғлик борасида сал мўртроқ бўлишади. Бу бор гап. Эркаклар баъзан ўзларини қулоқсиз болалардай тутишади. Зарарли одатларини била туриб, улардан воз кечишни исташмайди. Спиртли ичимликлар, тамаки чекиш инсон саломатлиги кушандаси, оғир касалликлар сабабчиси эканини шифокорлар бот-бот такрорлашса-да, эркаклар бу мавзуни ўзларига тегишли деб билишмайди. Кечқурунги овқатлар инсон саломатлиги, ички аъзолар касаллиги, ортиқча вазн ортишига сабаб бўлишини билиб туриб, чойхонада бўладиган ўтиришларни кечқурунга мўлжаллашади. Эгасига шикоят қилишни билмайдиган ошқозон эса, дам олиши керак бўлган пайтда, зўриқиб, ишлайди.
Narrator 2 Айнан шунинг учун ҳам эркакларда соғлиқ борасида муаммолар кўп учрайди. Депрессия. Ҳар иккала жинс вакилларидаҳ ам депрессия бир хил кўрсатгичда ривожланади. Аммо эркаклар бу руҳий ҳолатни оғирроқ ўтказишади. Сабаби ўзингизга аён: улар аёлларга ўхшаб «ҳасрат қоп»ини ҳар кимга ҳам очавермайди, дардини достон қилиб, кўзини ёшламайди. Дўхтирнинг-ку яқинига ҳам йўламайди.
Саратон касаллиги. Бу дарднинг турларини жинсий тафовутга кўра ажратиш мумкин. Масалан, ошқозон саратони кўпроқ эркакларда учраса, кўкрак саратони билан аёллар оғрийди. Лекин онкологик касалликларнинг барча тури бўйича эркаклар аёлларга нисбатан 40 фоиз кўпроқ вафот этишар экан. Бунга сабаб ҳам эркакларнинг кўпроқ маън этилган нарсаларга ружу қўйиши ва ўз вақтида шифокор кўригига бормаслиги.
Narrator 1 Хотира сусайиши. Дунё статистикасига кўра, 70 ёшдан сўнг эркакларнинг 20, аёлларнинг 12-15 фоизида хотира сусайиши кузатилади. Ортиқча вазн. Юқорида айтганимиздек, ортиқча вазн кечки «чойхона базмлар»ининг натижасидир. Бугунги кунда семириш аёллар учун энг катта «бошоғриқ» бўлиши билан бирга, эркаклар орасида ҳам ортиқча вазн муаммоси кескин ўсиб бормоқда. Бу кетишда 5-10 йилдан кейин нотўғри овқатланиш ва камҳаракатлик сабаб эркаклар бу борада ҳам биринчиликни қўлга киритишлари мумкин. Стомотологдан қўрқиш. Ростдан ҳам, эркаклар андрологдан кўра, стомотологдан ўлгудек қўрқишади. Шунинг учун бўлса керак, кўпинча эркаклар тишларини даволаш эмас, алмаштиришларига тўғри келади. Умр кўрсаткичи. Аёллар эркакларга нисбатан ўртача 4 йил кўпроқ яшаркан. Ривожланган мамлакатларда аёлларнинг ўртача умри 81-82 ёшни ташкил этади.
Narrator 2 Ўпка муаммоси. Эркакларда ўпканинг ҳажми йирикроқ, қисқариши жадалроқ бўлса ҳам, нафас олиш билан боғлиқ муаммолар айнан уларга кўпроқ соя соларкан. Ўпканинг обструктив сурункали касаллигига кучли жинс вакиллари кўпроқ чалинаркан. Чунки эркак ўпкаси ташқи ўзгаришларга ўта сезувчан бўлади. Ампутация. Фин тадқиқотчиларининг хулосасига кўра, эркаклар оёқ, қўл ампутациясини кўпроқ бошдан кечиришар экан. Ажинлар. Қарилик белгиси бўлган ажинлар эркакларга ярашиб туради. Аммо тери саратони ва псиориаз эркаклар ўртасида кўпроқ учраркан. Қулоқ оғирлиги. 40 ёшгача аёл ва эркакнинг эшитиш қобилияти ва қулоқ касалликларига чалиниш даражаси бир хил бўлади. Аммо муаммолар кейин бошланади. Айниқса, у-бу олиб келиш сўралганда, қулоғи яна ҳам оғирлашиб қолиши мумкин.