3:45

Гуноҳ нима

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бизнинг ҳаётимиз ва ўйларимиз асосан болалар, турмуш ўртоқ, ота-она, қариндош – уруғ, косметика, кийим – кечак ҳақида бўлиши мумкин. Аммо бу ҳаммаси эмас. Биз ўзлигимиз, Худо олдидаги қадримиз, қандай ҳаёт кечираётганимиз ҳақида ҳам ўйлаймиз. Агар художўй аёл бўлсангиз, қилган гуноҳингизни биласиз ва бундан қийналасиз. Ҳар бир аёл у ёки бу гуноҳга мойилроқ бўлади. Кимдир ғийбат қилишни ёқтиради, кимдир ёлғончиликни, яна кимдир бутпарастликка ва ҳокозо… Одам Ато ва Момо Ҳаводан кейин инсоният гуноҳ қилишга мойил бўлиб қолган. Бу гуноҳдан қутулиш ҳақида гаплашишдан олдин гуноҳнинг ўзи нима экани ҳақида суҳбатлашсак. «Гуноҳ» сўзининг луғавий маъноси нима? Биласизми Юнон тилида берилган бу сўз аслида «мўлжалдан адашиш» деган маънони билдирар экан. Бу нима дегани? Сиз ҳеч «Дарт» ўйинини ўйнаганмисиз? Унда бир катта юмалоқ, ичида кўп айланалари ва маркази бўлган тахта бўлади. Бу ўйин қоидасига кўра найзача ўша юмалоқнинг марказига санчилиши керак. Марказга санча олсангизгина ўйинда ютган бўласиз. Бу ўйинни ўйнайдиганларнинг мақсади ҳам ана шу найзачани марказга отиб, ўйинда ютиш. Ҳаётимизнинг асосий мақсади – Худо биздан истайдиган солиҳлик. Найзача эса бизнинг ҳаракатларимиз. Биз ўша марказга тушиш учун ҳаракат қиламиз, бироқ кўп ҳолларда мўлжалдан адашамиз. Мўлжалдан адашишимиз учун кўп нарса ҳалал беради. Биринчидан бу ўйинни яхши билмаслигимиз. Яхши билиб олганимиздан кейин эса, шамол, қуёш ва бошқа майда кўз илғамас нарсалар мўлжалга теккизa олмаслигимизга сабаб бўлишини билиб оламиз. Худонинг йўлида ҳам шундай. Нега гуноҳ қиламиз? Худони яхши билмаганимиз учун. Унинг бизлардан нимани исташини билмаганимиз учун ҳам кўп гуноҳ қиламиз. Худонинг бизлар учун режасини билганимиздан кейин ҳам шайтон бизни мўлжалга теккизолмаслигимиз учун, аниқроғи солиҳ ҳаёт кечирмаслигимиз учун қўлидан келган ишларни қилади. Бизни чалғитишга ҳаракат қилади. Бироқ биз диққатимизни Худонинг солиҳлигига қаратган ҳолда ҳаракат қилсак, албатта мўлжалга ура оламиз. Худо азалдан биз инсонлар доим ҳам мўлжалга теккиза олмаслигимизни биларди. Қўй ва такаларнинг қони инсон гуноҳини тўлиқлигича юва олмаслигини ҳам биларди. Шунинг учун ҳам Худо Нажоткор Исо Масиҳни юборди. У ҳақида Калом шундай дейди: «Масиҳ эса гуноҳлар учун битта қурбонлик бағишлагандан кейин, Худонинг ўнг томонида абадий ўтириб олди.» (Ибр 10:12) Ишаё пайғамбар У ҳақида шундай деган эди: «У бизнинг қилмишларимиз учун азоб чеккан ва нопокликларимиз учун яраланган экан.» Чиндан ҳам унинг жароҳатлари эвазига биз шифо топдик ва гуноҳларимиздан покландик.

Сиз солиҳликка ташнамисиз? Аммо билиб-билмай гуноҳ қилиб қўясизми? Бундай ҳолатда Ҳазрати Довуднинг тажрибаси қўл келади. У гуноҳ қилиб қўйгач, гуноҳларини тан олиб, тавба қилишни канда қилмаган. 1 Юҳанно 1 боб 9 оят шундай дейди: «Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади.» Мана шу оят бизга Худо олдида қандай йўл тутишни ўргатади. Гуноҳларимизни тан олиш билан биз Худо билан муносабатимизни тиклаб оламиз. Азизлар сиз ўзингиз ҳақингизда яхшироқ билмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top