Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон айрилиққа чидаши қийин. Айрилиқ кишиларни тушкунликка тушириб, бирор бир касалликка чалинишларига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам яқинидан айрилган кишиларга ёнидагилари, дўстлари ёрдамга келади. Унинг ғамга тўла қалбига ёруғлик берадиган, кўнглини кўтарадиган сўзлардан гапиришади. Яқинидан ажралишга ҳеч қандай даво йўқ. Бунинг давоси фақат вақт дейишади. Бу чиндан ҳам шундай. Аммо айрилиққа бошқача кўз билан қарасак, бу дардни анча енгил ўтказишимиз мумкин. Хитой ва Тибет томонларда яқинларидан айрилган киши байрам қиларкан. Уларнинг тушунчасига кўра, инсон ўлимидан кейин, ҳақиқий ҳаётини бошларкан. Ўлим улар учун ёмон тушунча эмас. Бу янги ҳаётнинг бошланиши. Буни эшитиш бизга ғалати туюлса ҳам, яхшилаб ўйлаб қаралса, тўғридек кўринади.
Narrator 2 Хитойлик ва Тибетликлар инсон ўлганида ҳақиқий ва яхши ҳаётини бошлашига ишонишади. Ишонч эса уларнинг кайфиятини бошқаради. Чиндан ҳам биз яқинимизнинг бизни тарк этганига ишонамиз, қайғурамиз ва бу айрилиқ бизнинг ҳиссиётларимизга ҳам таъсир қилади. Мана шу ишонч ва ҳиссиётлар бизни қаттиқ қайғу чекишимизга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ғамдан адо бўлган кишиларни кўп учратамиз.
Қадимги ва буюк динларда гарчи тана ўлсада, унинг руҳи яшашни давом эттиради ва биз бошқа макон ва замонда суйган кишиларимиз билан қайта учрашамиз, деган фикрлар мавжуд. Ҳатто Инжилда ҳам ўлимни қачон бўлмасин, ҳаммамиз уйғонадиган уйқу, деб атайдилар. Агар ўлим сўнгги ва якуний айрилиқ деб ҳисобласак, қалбимиз буткул бўшаб қолади.
Narrator 1 Лекин яхшилаб ўйлаб қаралса, одамлар бир-бирларидан фақат вақтинчалик айрилишлари, руҳлари яшайверишларига ишонса, бу кулфатни анча юмшатади. Ҳатто вақтинчалик айрилиқ ҳам аламли бўлади-дейишингиз мумкин. Бу фикрга қўшилмай иложимиз йўқ, аммо унинг сиз яшаётган жойдан аълороқ жойга ўтганини, унинг руҳи ҳамон тирик эканини ўйласангиз, қайғуингиз камаяди. Баъзи шарқ динларига ишонадиган кишилар марҳумнинг руҳи ўз асл уйига қайтади ва сабоқнинг юқорироқ даражасига кўтарилади – деб ишонишади. Шунинг учун ҳам бу кунда қайғуришмайди.
Инсоннинг нимагадир ишонишига қараб, унинг ҳаёти қандайлигини айтиб бериш мумкин. Агар инсон ўлимни энг ёмон ва охирги айрилиқ деб ҳисобласа, бундан кейин яқинимни ҳеч қачон кўрмайман, деб ишонса унинг қайғуси жуда оғир бўлади.
Narrator 2 У қайғуриб ўзини хароб қилиши, шу ҳолати билан бошқа яқинларига ҳам ташвиш келтириши мумкин. Шунинг учун ҳам инсон ўлимга бошқача яхшироқ фикр билан қараши керак. Чиндан ҳам ўлим янги ҳаётнинг бошланиши. Бу худди чақалоқнинг дунёга келишига ўхшайди. Инсон туғилганида чақалоқ бўлиб, янги ҳаётини бошлайди. Қариб, вақт-соати етиб, нариги дунёга рихлат қилганида, танаси билан эмас, руҳи билан нариги дунёга боради. Ўша ерда ҳақиқий ҳаётини бошлайди. Шундай деб ишониш, кишиларнинг ғамини ва қайғусини камайтиради.
Азизлар, сизнинг бу масалага фикрингиз қандай? Ўз фикрларингизни бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимизга жойлаштиринг. Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим.