Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Марҳамат, тингланг. Ҳурматли ота-оналар, кўпинча қулоғимизга чалинадики, албатта ўсмир болаларни тарбиялашда айрим муаммоларни келишиб олиш кўп қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳатто имонли оилаларда ҳам шунга ўхшаш муаммолар бўлиб туради. Айрим пайтларда ўсмир болалар уйларидан кетиб қолганини ҳам эшитганмиз. Албатта, ўсмирларнинг уйдан кетиб қолиши ота-онани ташвишга солади. Лекин кўпинча ўсмир болалар ўз уйларидан узоқларга кетиб қолганида ҳам, доимо уйга қайтишга ҳаракат қилишади. Нима бўлганида ҳам, уларнинг кўнглида ўз уйларига қайтиб келиш фикрлари жўш уриб туради.
Буни худди автомобилга ўхшатишимиз мумкин. Автомобил эгалари ўз машиналарини керакли ёқилғи билан таъминлагач, узоқ-узоқларга сафарга ёки иш юзасидан кетишлари мумкин. Ёқилғи сарф қилиб бўлингач улар, албатта, яна ёқилғи қуйиш шаҳобчаларига қайтиб келишади. Болалар ҳам шунга ўхшаш. Азиз ота-оналар, агар болаларингиз шундай муаммолар билан юриб ўз уйларига қайтиб келсалар, уларга яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилган яхшироқ. Ҳаммаси жой-жойига тушиб олгач, улар билан гаплашиб, кетиб қолишларини сабабини билишга ҳаракат қилинг, ҳеч қачон бирданига болага ҳужум қилманг. Албатта, у келиб кечирим сўрашини кутган маъқул. Агарда кечирим сўрамаса, шундан кейин ўзингизни режангиз асосида иш кўринг.
Албатта, жаҳл қилмай яхши тонда гаплашишга уриниб кўринг ва ўзингизни бошқара олинг. Шу билан бирга гапларингиз ишонарли равишда жиддий бўлиши керак. Агарда болангиз қўшилиб қолган безори болалар гуруҳидан хабардор бўлсангиз, бунинг оқибатлари нималарга олиб келишини унга тушунтириб беришга ҳаракат қилинг. Азиз ота-оналар, агар болангизни ўзи уйга қайтиб келган бўлса, у билан гаплашиш ва яхши муносабат ўрнатиш янада осонроқ бўлади. Шунинг учун ортиқча гапларга ва ҳаракатларга ўрин йўқ, деб айтишимиз мумкин. Ўсмир бола ёш болаларга нисбатан ота-оналарнинг севгисига кўпроқ муҳтож бўлишади. Албатта, ўсмирларнинг ёшидаги кузатиладиган ўзгаришлар ўткинчи.
Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-онадан катта сабр-тоқат таълаб этилади. Ахир Раббимиз Исо Масиҳ биз, гуноҳкор инсонларнинг ҳар хил қилиқларимизга қанчалик чидай олди. Ҳа, азиз биродар, У охиригача чидади. Шунинг учун ҳам У ғалаба қилди. Ота-она ва болаларнинг, айниқса ўсмирларнинг ўртасидаги муносабатнинг бузилишига доимо шайтон сабабчи бўлади. Агар болани урушиб, камситиб уни яна уйдан ҳайдайдиган бўлсак, демак, шайтоннинг ишларини маъқуллаган бўламиз. Чунки унинг мақсади ота ва онани ўз болаларидан ажратиб олиш ва болаларни у ўз билганича тарбия қилишни истайди. Азиз биродарлар, бундай тарбия ҳеч бир ота-онага маъқул эмас ва тўғри келмайди. Болаларимизни ўзимиз Раббимизнинг таълим ва тарбияси бўйича тарбиялашимиз зарур. Азизлар, сиз билан хайрлашишдан аввал сиз, азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини айтиб ўтишни хоҳлардим: dilkash@najot.com Яна ҳаво мавжларида учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азизлар.