3:18

Руҳий ғалаба 191

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлсада яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бемалол айтишимиз мумкинки, шайтон — инсонларнинг мағлуб бўлган ярамас душманидир. Келинг азизлар, Муқаддас Kитобдан шу гапимизни тасдиқлайдиган бир оятни биргаликда ўқисак. Колосаликларга мактубининг 2 боби 15 ояти: “Ўша хоч орқали, руҳий ҳоким ва ҳукмронликлар устидан ҳам ғалаба қозонди. Уларнинг қурол-яроғини олиб қўйди-да, уларни Ўзининг тантанали юришида юргизиб, расвои олам қилди”. Ушбу оятдан шуни тушунишимиз мумкин: Раббимиз Исо Масиҳ шайтонни бизнинг устимиздан ўтқазадиган кучидан маҳрум қилди.

Яна бир оятни келтириб ўтсак. Ибронийларга мактуби 2 боб 14 оят: “Болалар эт ва қондан иборат бўлганлари учун, Исо Ўзи ҳам уларга тенглашиб, худди шундай вужудга эга бўлди, токи ўлим билан даҳшат солувчи иблисни Ўз ўлими орқали йўқ қилсин ва умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзод болаларини озод қилсин”. Азиз биродарлар, бу дегани, энди биз бемалол ўзимизни эркин ҳис этишимиз керак дегани эмас. Ахир руҳий жанг давом этмоқда. Жанг пайтида эса ҳеч кимнинг бемалол бўлишига йўл қўйилмайди. Азизлар, ҳар бир Масиҳга ишонадиган биродар доимо зийрак бўлиб туриши керак. Ахир инсонлардан ҳеч биримиз шайтоннинг қайси тарафдан қўққисдан жанг қилиб қолишини билмаймиз. Шундай эмасми? Шайтоннинг тўлиқ мағлуб бўлиши учун ҳали бироз вақт бор.

Масалан, Ваҳий китобининг 20 боби 1 оятдан 3 оятгача бўлган жойида шундай ёзиб қўйилган: “Қўлида тубсизлик қаърининг калити ва катта занжир билан осмондан тушаётган фариштани кўрдим. Фаришта аждаҳони, яъни иблис ва шайтон деб аталган алмисоқ илонни тутиб, уни минг йил муддатга кишанлаб қўйди. Минг йил тамом бўлгунга қадар яна халқларни алдамасин деб, уни тубсизлик қаърига ташлаб қамаб қўйди ва унинг устига муҳр босди. Минг йил ўтгандан кейин қисқа бир муддатга уни озод қилиш керак”.

Айни шу пайт келганида эса, бу айтилган нарсаларни инсонлар эмас, балки фаришта амалга ошириши керак бўлади. Шундан кейин бир оз вақт ўтиб, Худованд шайтонни ёниб турган оловга улоқтиради. Мана шундан кейин барчаси якунланади. Ҳозирга қадар эса шайтон эркин юрибди, лекин барчаси Худованднинг ҳимояси ва кузатуви остидадир. У худди каломда битилгани каби, шердай ўқириб юрибди. Азизлар, бизнинг асосий вазифамиз шайтон билан жанг қилиш эмас, балки Худованднинг айтганларига қулоқ тутишдир. Кимнингдир маслаҳатига қулоқ тутган одам эса ҳеч қачон мағлуб бўлмайди.

Ғалаба барчамиз билан биргадир. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, барчангизга соғлиқ-саломатлик тилаб қоламан. Шу билан бирга азизлар, бизнинг нтернет сайтимизга марҳамат қилишингизни айтиб ўтмоқчи эдим. Бизнинг манзил: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчи. “Дилкаш” радиосини тинглашда давом этинг, ҳурматли биродалар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top