Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан яна руҳий ғалаба ҳақидаги эшиттиришимизни давом эттириш ниятидаман. Азизлар, Ишаъё китобининг 8 боби 20 оятида шундай ёзилган: “Шундай деганларга ёруғлик бўлмайди. Худонинг йўл-йўриқлари ва таълимотига маслаҳат солинг”.
Азизлар, бугунги кунда кўпчилик инсонлар ўзлари билганларича ёвуз руҳлар билан жанг қилишга шошилишади. Минг афсуслар билан айтишимиз мумкинки, ёвуз руҳлар билан нотуғри жанг олиб бораётган биродарларимизни худди Бутрус Гетсемания боғида кучсиз қолган пайтидаги ҳолатига ўхшатишимиз мумкин. Чунки ёвуз кучлар билан жанг олиб бораётган ҳар бир инсон Худованд билан жуда мустаҳкам алоқада бўлиши лозим. Шайтонга ва унинг малайларига қарши бўладиган жанг — бу инсонавий кучларга асосланган эмас. Аксинча, Худованднинг каломига ва Раббимизнинг кўрсатмаларгига асосланган бўлиши керак.
Азиз биродарлар, шахсан мен ўзим бир китобни ўқиб чиққанман. Ушбу китобда турли мамлакатларда яшайдиган чўпонларнинг гувоҳликлари битилган эди. Уларнинг гувоҳликларида айтилишича, ёвуз руҳларга қарши курашаман деб, аксинча, уларга хизмат қилиб юрганлар ҳам бўлар экан. Ҳатто бир чўпоннинг гувоҳлик беришича, у доимо номаълум тилда ибодат қилган. Лекин чўпоннинг ўзи ҳам ва бошқалар ҳам ҳеч ким ушбу ибодатда нималар деб айтилаётганини таъбирлаб бера олишмаган, ҳатто тушунишга ҳам ҳаракат қилишмаган. Маълум бўлишича, орадан вақтлар ўтиб, ушбу тил орқали шайтонни улуғлаб юргани маълум бўлган.
Азиз биродарлар, шунга ўхшаш гувоҳликларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Албатта, ушбу гапларимиз билан ҳеч кимни камситиш ниятимиз йўқ. Аксинча, тўғри кўраш олиб бориш орқали шайтон ва унинг малайларини йўлларини тўсиш кераклигини айтмоқчимиз. Азизлар, ҳаётимизда нимаики содир бўлмасин, барчаси Худованднинг куч-қудрати орқали содир бўлади. Худованднинг хизматчиси шуни билиши керакки, ҳар бир сўзимиз Худованднинг каломига асосланган бўлсин. Шунинг учун ҳам эшиттиришимизнинг бошида Ишаъё китобидан келтирган оятимиз, ушбу айтганларимизни тасдиқлай олади, деб ўйлайман.
Азиз биродарлар, ҳеч қандай ҳис-туйғуларга берилиб, шошилиб нимадир қилишга ўрганманг. Агар қилмоқчи бўлган ишингиз тўғри ва ҳақиқат эканлигига тўлиқ ишона олмасангиз, яхшиси тўхтанг ва кутинг. Шуниси тўғрироқ бўлади, деб ўйлаймиз. Азизлар, бизнинг интернетдаги сайтимиз: www.najot.com вақт топиб, сайтимизга марҳамат қилинг. Сизлар билан хайрлашамиз, омон бўлинглар.