Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан жуда миннатдорман. Марҳамат, тингланг, эшиттиришимизни бошлаймиз. Эфесликларга мактубнинг аввалги бобларида Павлус имонлилар жамоатининг самода тутган ўрни ва ердаги хизмати ҳақида гапириб ўтган эди. Яна шу мактубнинг 6 боби 10 оятида эса у жамоатлар дуч келиши мумкин бўлган руҳий қаршиликларни очиб бермоқда. Келинг, азиз биродарлар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Ниҳоят, Раббимиз билан иттифоқ бўлиб, Унинг куч-қудрати таъсирида қувватли бўлинглар”.
Ушбу оятни шундай тушунишимиз мумкин. Худованд биз масиҳийларни Ўзи билан мустаҳкам, ҳатто айтишимиз мумкин дўстона муносабатда бўлиб, ўз руҳий қувватимизни тинмай оширишимиз кераклигини билдиради. Албатта, Худо ҳар биримиз учун илоҳий куч манбаидир. Руҳий жанг пайтида руҳий кучлар талаб қилинади, шунинг учун биз Худода қувватли бўлишимиз керак. Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланишни буюрар экан, Павлус Раббимизнинг Ўзи бизни қурол билан тўла таъминлаганлигини ва энди бу аслаҳаларни тақиб олишимизни кутаётганлигини таъкидлайди. “Эфесликларга” китобининг 6 боби 11 оятида “тура олиш учун” деган жумла ишлатилган.
Бу жумлани шундай тушиниш мумкин. Шайтонга қарши курашда чекинмасдан ва йиқилмасдан, қўрқмасдан, албатта, Худованд биз билан эканлигини ҳис этиб матонат билан ўз ўрнимизда мустаҳкам туришимиз кераклигини билдиради. Азиз радио тингловчи биродарлар, Ёқуб китобининг 4 боби 7 оятида шундай ёзилган: “Шундай қилиб Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади”.
“Иблиснинг ҳийлаларига қарши” деган сўзларни ўқиганимизда, иблиснинг найранглари жозибали ва алдамчи бўлиб, бизни ўз домига тортиши мумкинлигини англаб етамиз. Шайтон ҳар бир масиҳий учун шахсий душман, у бизга қарши бўлган ёв, туҳмат қилиб айбловчи ва энг кучли рақибимиздир. Шайтон инсонларни, айниқса масиҳийларни алдаш учун, у маккор ва найрангли усуллардан фойдаланади. Худонинг Ўзи 2 Коринфияликларга мактубининг11 боби 14 оятида “шайтон нурли фариштанинг қиёфасини олади” деб айтади.
Бундан ташқари яна 2 Коринфияликларга мактубининг11боби 15 оятида шундай гаплар ёзилган: “Шайтоннинг хизматкорлари аҳли салоҳ қиёфасини оладилар”. Шайтон нимани хоҳлайди? У, албатта, Раббимиз Исо Масиҳнинг ўрнини эгаллашга ҳаракат қилади. Унинг бузуқ нияти эса, Раббимиз марҳамати ва ҳақиқатини бузиб кўрсатишдан иборатдир. Биз инсонлараро ёки моддий урушда эмас, балки руҳий урушда иштирок этаяпмиз. Худованд эса доимо биз биландир. Азизлар, шунинг билан эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Азизлар, сиз билан хайрлашишдан олдин сиз, азизларга ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com