Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Сизлар билан яна радио орқали дийдор учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. “Худо каломини ваъз қил, ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми, демай, доим гапиришга тайёр бўл. Бутун сабр-тоқат билан таълим бериб, одамларни мулзам қил, уларга таънаю насиҳат қил”. Ушбу гапларни ҳаворий Павлус ўзининг шогирди Тимўтийга ёзган эди. Албатта ушбу оятни каломнинг 2 Тимўтийга мактубининг 4 боби 2 оятидан ўқиб кўришингиз мумкин.
Ҳурматли биродарлар, биз болаларга дарс берганимизда албатта уларга тушунарли қилиб гапиришимиз керак. Агар ўзимиз тушунмаган жойларимиз бўлса, болаларга тушунтириб ўтиришга ҳаракат қилманг. Албатта бошқа биродарлардан сизга ёрдам беришини илтимос қилиб кўринг. Айрим болалар ўқитувчилари ўзлари тушунмаган жойларини болаларга гапириб ўтириш шарт эмас, деб биладилар. Азизлар, болалар ҳам худди катталар каби каломни яхши билишига қаршилик қилмаслигимиз керак.
Уларга иложи борича тушунарли қилиб дарс ўтишимиз лозим. Албатта Хушхабар гапирганимизда кўп нарсаларни айтиб ўтиш ёдимиздан чиқиши мумкин. Лекин асосий учта ҳақиқатни гапириб ўтиш асло ёдимизда чиқмаслиги керак. Яъни сен Худонинг кўз ўнгида гуноҳкорсан; иккинчиси — Раббимиз Исо Масиҳ сени севади; учунчиси эса У сени гуноҳларинг учун хочда Ўз қонини тўкди. Ҳаворийлар Хушхабар айтиш билан бирга бошқаларни кўп ҳақиқатларга ҳам ўргатишган. Албатта ҳаворийларнинг асосий мақсадларидан бири — одамларни гуноҳкорлигини кўрсатиш ва уларни товбага чақириш эди.
Азиз радио тингловчи биродарлар, биз ҳам болаларни яна кечиримли бўлишга ўргатишимиз муҳим. Бундан ташқари Худованд томонидан бериладиган турли инъомларга ҳам эътиборли бўлишларини ҳам ўргатишимиз керак. Азиз биродарлар, Хушхабар гапиришда доимо дадил бўлинг, ҳар бир оғзингиздан чиқаётган Худонинг сўзлари аниқ ва равон бўлсин. Албатта болаларга тушунарсиз дарс ўтиб туриб, кейин уларни ўз гуноҳлари учун тавба қилишга чақириш доносизлик бўлади. Албатта ҳар бир ўқитувчи бирданига зўр тажрибали бўлиб қолмайди, лекин албатта Худога хизмат қилишни истаган биродарларга Худованд донолик ҳам беради.
Азиз радио тингловчи биродарлар, бизнинг асосий ишимиз болаларга ва катталарга Хушхабар айтиш ва уларга абадий ҳаёт сари олиб борадиган йўлни кўрсатишдан иборат. Қолганини эса Муқаддас Руҳга топширайлик. Худованднинг йўли доимо тўғри йўлдир. Барча донолик Эгамиз Худованддан. Шунинг билан ҳурматли радио тингловчилар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.