Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли уй гуруҳи етакчилари, сиз бошқараётган кичик уй гуруҳининг ўсиб бориши ва гуруҳ аъзоларининг бир-бирига бўлган муносабати, албатта сизнинг юриш-туришингизга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Аввалом бор, ҳар бир етакчи кичик уй гуруҳида хизмат қилган пайтда, табий равишда обру тўплашга ўрганиши керак. Мен икки биродар ҳақидаги мисолни келтириб ўтишим мумкин. Битта жамоатда икки хизматчи бор. Бири албатта гуруҳдаги энг ёши катта биродар. Шунинг учун бошқалардан ҳаддан ташқари кўп эътибор талаб қилади. Энг ҳайрон қоладиган жойи эса, сал нарсага ўзидан кечирим сўрашларини бошқалардан талаб қилади.
Иккинчи биродар эса гуруҳ аъзолари билан кўпроқ мулоқотда бўлади. Доимо тўғрисини гапиришга ҳаракат қилади. Кўпинча биродарлар муқаддас каломдаги айрим оятларни тушунмай қолсалар, шу биродарга савол бериб мурожаат қилишади. Ўз ўрнида шу биродаримиз саволга жавобни билса, албатта жавоб беради.
Агар билмаса, мен ушбу саволга қандай жавоб беришни билмайман, албатта келаси сафар бошқалардан сўраб, билиб келишга ҳаракат қиламан, деб айтади. Лекин биринчи биродаримиз шунга ўхшаш саволларга жавобини билмаса ҳам, нимадир қилиб жавоб беришга уринади. Бундай ҳолат албатта биродарларга унчалик хўш ёқмайди. Хуллас азиз етакчи биродарлар, ҳамма нарса табий бўлиши яхши деб ҳисоблайман. Албатта ҳар бир хизматчида талаб қилинадигани — камтарликдир. Кичик уй гуруҳларида етакчилар ўзларини кўрсатишлари эмас, балки бошқаларга кўпроқ эътиборли бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Кўпинча бўлади, гуруҳ етакчилари билан гуруҳ аъзоларининг бири унчалик чиқиша олмайди. Етакчи шундай пайтларда албатта шу биродар билан гаплашиб кўришга ҳаракат қилиши лозим. Балки шу биродар нимадир истаётгандир. Кўпинча ниманидир хоҳлаган биродарга ҳеч ким эътибор бермаса, ўзининг истагини шунга ўхшаш йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилади. Албатта етакчи ва чўпонлар ҳам инсон, уларда бошқаларга нисбатан чидамли бўлиш ва бошқаларни тушуниш ҳарактери оз бўлсада устунликка эга бўлиши лозим. Азиз биродарлар, ҳеч қачон доимо ўзингизни ҳақман деб билманг. Бошқаларни ва гуруҳ аъзоларини ҳам фикр-мулоҳазаларини ўрганишга ҳаракат қилинг. Энг муҳими, барча гуруҳ аъзоларига бир хил муносабат қилишга урининг. Кимнидир хатоси туфайли шу биродарга нисбатан зулум ўтқазишга уринманг.
Шунда гуруҳингиздаги муносабат соғлом бўлади, деб сиз азиз етакчиларни ишонтира оламиз. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг.