Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳар бир кичик уй гуруҳларининг йиғилиши давомида
ҳар бир биродар қандайдир хизмат олиб бориши керак. Масалан, кимдир йиғилишни олиб борувчи бўлиши мумкин. Албатта ҳар сафар хизматчилар иштирокчиларни ўрнини алмаштириб туриши мумкин.
Бундай учрашувларда йиғилишни олиб борувчининг жамоат учун жавобгарлиги каттадир. Олиб борувчи албатта йиғилиш давомида жамоатга топширилган вазифаларни ҳам эслатиб ўтиши ва уларнинг қандай бажарилганлиги ҳақида ҳам гапириб ўтиши керак. Керак бўлса иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш ҳам биродарларни янада руҳланиради. “Ҳар бир дақиқа ғанимат” деганларидек, йиғилишни олиб борувчи иложи борича йиғилиш вақтини тежашга ҳаракат қилиши керак.
Ҳафта давомида йўл қўйилган хатоларни тузатиш ва амалга ошмай қолган ишлар учун ибодат қилиш ҳам олиб борувчининг бўйнидадир. Ҳурматли биродарлар, ҳар учрашувда душанбадан якшанбагача бўлган кунлар учун режалар тузиб чиқиш керак. Масалан, қуйдагига ўхшаш: душанба кунини жамоат учун ибодат куни деб эълон қилиш мумкин. Сешанба кунини эса жамоатдаги дарс берадиган биродарлар учун ибодат қилиш куни. Чоршанбани эса нимадир учун рўза тутиш куни деб эълон қилиш мумкин.
Хуллас, ҳар бир кун учун нимадир ўйлаб топишга ҳаракат қилинг. Албатта ушбу ибодат мавзуларининг кунини ўзгартириб турган яхши. Иложи бўлса ҳар сафар қандай ва нима учун ибодат қилиниши кераклиги тўғрисида кичкина график тузиб чиқинг ва қоғозга ёзилган ҳолда ҳар бир иштирокчига берганингиз маъқул. Бу уларнинг жавобгарлигни янада оширади. Азиз биродарлар, кичик уй жамоатларининг етакчилари ва хизматчиларининг бошқалар олдидаги ўзини тутиши жуда муҳим.
Шуни яхши билишингиз керакки, жамоатдаги оддий иштирокчилар доимо сиздан ўрнак олишга ҳаракат қилади, ҳатто айримлари сизга тақлид ҳам қилиши мумкин. Хуллас, азизлар, Худонинг жамоати учун фойдали хизматчи бўлишга ҳаракат қилинг. Ҳушёр бўлиш — ўзингизни турли гуноҳлардан сақлашингизга ёрдам беради. Бугунги эшиттиришимиз орқали сизларга шуни ҳам айтиб ўтмоқчи эдимки, ҳатто ҳаёлингизга келиб турадиган салбий фикрлар учун ҳам ибодат қилишларини сўраб туринг. Шунинг билан азиз радио тингловчи, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайрлашишдан аввал, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com Азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, омон бўлинглар.