MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар, сиз азиз радио тингловчилар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Марҳамат тингланг, эфирда “Дилкаш” радиоси. Бизга маълумки, иккинчи аср ва учинчи аср Масиҳ жамоати учун қувғинлар ва синовлар асри бўлганди. Шунга қарамасдан жамоатлар ҳам руҳан, ҳам сон жиҳатдан ўсиб борди. Аммо ҳаворийлар шогирдлари соф таълимотдан четга чиқишади. Бу ҳолат жамоат бошқаруви билан боғлиқ бўлган саволларда кўринади.

Ҳаворийлар даврида ҳар бир имонли ўзини Худониг ердаги олий руҳонийси деб ҳисоблаган ва Муқаддас Руҳ томондан берилган инъом билан жамоатда хизмат қилишни бурчим деб билган. Ҳаворийлар даврида икки турдаги хизматчилар бўлган. Булар нозирлар ва хизматкорлар. Биринчи Тимўтийга мактубининг 3 бобида айнан шу хизматчилар ҳақида ўқиб кўришимиз мумкин. Нозирлар жамоатдаги имонлиларни руҳий муҳтожликларини, хизматкорлар эса хўжалик муҳтожликлари бўйича хизмат олиб боришган. Нозирлар хизматига асосан чўмдириш ва нон синдириш кирган. Аммо бу нозирларга бошқа имонлилар устидан ҳукмронлик қилиш ёки ўзини устун қўйиш ҳуқуқини бермаган. Бу масалада Павлус ўзини ва бошқаларни жамоатда ҳукмронлик қилишига йўл қўймаган.

У Исо Масиҳ таълимотини тоза сақлашга ҳаракат қилган. Ҳаворий шогирдлари мана шу масалада соф таълимотдан четлашишади. Ҳаворий мактубларидан фарқли равишда шогирдларининг мактубларида нозирларга ҳар қандай ҳолатда бўйсуниш ва уларни юксалтириш ҳақида ёзилган. Игнатий Рим жамоатларига йўллаган 7та мактубида хизмачиларни 3 гуруҳга бўлади. Булар қуйидагилардир: нозир ёки оқсоқол, чўпон ҳамда чўпон ёрдамчиси. Игнатий жамоатларга йўллаган мактубида нозирлар ҳақида тўхталиб ўтади, жумладан у шундай ёзади: “Азиз биродарлар, жамоат нозирларига қаршилик қилмасликка эътибор берайлик. Мана шу билан биз Худога итоаткорлигимизни кўрсатамиз. Бундан кўриниб турибдики, биз нозирга Худога қарагандек қарашимиз лозим. Азиз биродарлар, илоҳий бирликка эга бўлишга ҳаракат қилинглар, чунки оқсоқолларингиз ерда Худонинг ўрнидадир”.

Азиз биродарлар, Игнатийнинг бу таълимоти билан Масиҳ таълимоти ўртасида қандай фарқ кўряпсиз? Жавобни эса каломдан оламиз. Марк китобининг 10 боби 42 ва 44 оятларида шу ҳақида ўқиб кўришингиз мумкин. Павлус хизмат қилганда ҳеч қачон ўзини бошқа хизматчитлардан устун қўйишга интилмаган ва бошқаларга ҳам бундай ҳаракат қилишга йўл қўймаган. У Масиҳ таълимотини ҳар доим тоза сақлашга ҳаракат қилган. Азиз биродарлар, биз ҳам худди ҳаворий Павлус каби хизматчи бўлишга интилайлик. Хаворий Павлус барчамизга етарли даражада ўрнак бўла олади. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com яна радиомиз тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top