2:51

Худонинг сўзи 136

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, қачонки инсон топган нажотини ўзининг меҳнати эмас, балки Худованднинг режаси эканлигини тўлиқ тушуна олса, шундагина барча шон-шуҳрат ва улуғворликни Худога беришни хоҳлайди. Ҳақиқатдан ҳам биз инсонларнинг абадий ҳаётга эргашишимиз учун Худованднинг қилган ишларининг чеки йўқдир. У инсон учун, инсонларнинг жаннатда бўлиши учун ҳамма нарсани қила олди.

Шахсан мени ҳаёлимда шундай савол доимо чарх уриб туради. Биз инсонлар нима қилдикки, Худованд биз учун шунчалик меҳрибончилик кўрсатса? Аслида биз шунча меҳрибончилик ва севги учун нолойиқмиз-ку?! Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Агарда кимдир сизни хафа қилса, шу одам билан қандай муомила қилган бўлардингиз? Кимдир айтиши мумкин: менга фарқи йўқ, барибир яхши муносабат қилаверардим, деб. Йўқ, азиз биродар, юракнинг бир четида барибир кичкинагина доғ қолади. Лекин Худованд биз инсонларни камчиликларимизга қарамай, нажотга эга бўлишимиз учун Ўзининг ягона Ўғлини қурбон қилди. Мана бу ҳақиқий севги.

Эфесликларга мактубидан 1 боби 5 ва 6 оятни ўқиб бермоқчи эдим: “Бизни мурувватига сазовор билиб, Исо Масиҳ орқали Ўзига ўғил қилиб олишга азалдан қарор қилди. Илоҳий меҳр-шафқатнинг донғи чиқсин, деб Худо севикли Ўғлини юбориб, бизга иноят қилди”. Энди ўйлаб кўрайлик: дунёдаги шунча одамлар орасидан нима учун айнан мени танлаб олди? — деб. Аслида бу жуда кучли савол. Лекин биз осон жавоб бериб ўтишни хоҳлардик. Айнан сизга бўлган севгиси учун Худованд сизни ва мени танлаб олди. Худованднинг кўрсатган шу илтифотига лойиқ тарзда жавоб қайтаришимиз учун. Қандай қилиб Худовандга лойиқ бўлишимиз мумкин? Албатта биринчи галда Унинг амрларига қулоқ тутишимиз лозим. Шундан кейин бошқа инсонларга ҳам Худованднинг севгиси ҳақида гапирса бўлади.

Азиз биродарлар, Худованд бизни танлаб олди, шу билан Унинг иши тугади эмас. У ҳар биримизнинг келажагимиз ҳақида ҳам ғамхўрлик қилади. Ҳар биримиз учун Унинг Ўзига яраша режаси ҳам мавжуд. Худованднинг кўрсатмалари бўйича яшаш — ҳеч кимга зарар қилмаслиги барчамизга маълум. Худованднинг биз учун тузган режаси ҳам келажакда Ўзининг улуғланиши учундир. Бизга эса марҳамат келтириш учун. Азизлар, ҳар қандай шароитда Худога хурсандчилик келтирайлик, Унинг исмини улуғлайлик. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етиб бормоқда. Хонадонингизга тинчлик, оилангизга барака тилаб, сизлар билан хайрлашмоқчиман. Шу билан бирга сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top