3:30

Болаларнинг ўсишига ёрдам 237

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Хонадонингизга тинчлик ва барака бўлсин. Азиз ота оналар, мен бугунги эшиттиришимиз орқали энг кичкинтой дўстларимизга Муқаддас Каломдан хикоя қилиб бермоқчи эдим. Мархамат тингланг. Худованд Исроил деб исм берган Ёқуб узоқ йиллар давомида ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб ҳамда оғир синовлардан сўнг ниҳоят, Худованд унинг бобоси Иброҳимга, отаси Исҳоққа ва унинг ўзига мулк қилиб ваъда берган ерга келди. Худованд бу ерни Иброҳим авлодига абадий қилиб берган экан, бу ер Ёқубнинг ҳам юрти, ҳам ватани бўлиб қолиши керак эди.

Ёқуб бу ерда ўз уйида, ўз ерида эканлигини билган ҳолда тинчгина ўз подасини боқиши мумкин эди. Шундай қилиб, оғир кунлардан сўнг ниҳоят ёруғ кунлар келди.

Кексайиб қолган Ёқубнинг энг катта қувончи унинг севимли ўғли Юсуф эди. Юсуф — ташқи кўриниши ёқимли, кўнгилчан ҳамда ўзгача қобилиятли бола эди. Унинг отаси совға қилган ранг-баранг кийимига гўёки шоҳона тож етишмаётгандек эди. Юсуф акалари билан пода боқишга бормасдан, одатда отасига ёрдам бериб, уни зериктирмаслик учун отаси билан қолар эди. Тасаввур қилайлик, кун ботаётган пайтда ота ўз ўғли билан чодир олдида ўтиришибди. Ёқубнинг эса сочлари оқарган бўлиб, ажинларга тўла юзи эса унинг узоқ ҳамда оғир ҳаётини акс эттираётгандек эди.

Унинг оёқлари остида эса чиройли қўйкўзли бола жингалак бошини қўлига тираган ҳолда отасига ҳавас билан боқар ва уни диққат билан тинглар эди. Отаси бир қанча йиллар олдин ажойиб, кўркам ерда жаннат Адан боғи бўлганлиги ва бу боғда икки бахтли инсон яшаганлиги ҳақида сўзлар эди. Бироқ улар Худовандга қулоқ солмай гуноҳ қилдилар, натижада жаннатдан абадий ҳайдалган эдилар. Болакай ана шу ажойиб боғни бир маротаба бўлса ҳам кўришни жудаям хоҳларди! Шунингдек, отаси бутун инсониятнинг ота-онаси бўлмиш Одам Ато ва Момо Ҳавода икки ўғил туғилгани ҳақида сўзлаб берарди.

Тўнғич ўғил Қобил ҳасадгўй, қайсар ва мағрур бўлиб ўсди. Кичик ўғил Ҳобил эса мулойим ва ювош бўлиб вояга етди. Кейинчалик Қобил ҳасад қилиб, Ҳобилни ўлдирди ва бу билан бечора ота-онасининг юрагини қайғуга тўлдирди. Бироқ, отаси ўғлига кўпроқ ер юзи одамлар билан тўлган пайтларни гапириб берар эди. Бу пайтларда одамлар ёвуз бўлиб кетган, улар Худовандга қулоқ солмасдан, балки ўз хоҳишлари бўйича яшар эдилар. Улар очкўзликка, майхўрликка ва бузуқликка берилиб, ер юзини разилликка тўлдирдилар. Азиз болажонлар, шу ерда эшиттиришимизни якунлаб, келаси эшиттиришларимизгача сизлар билан хайрлашиб қоламан. Хикоямизни давомини эса келаси эшиттиришларимизда албатта давом эттирамиз. Азиз ота оналар, бизнинг сайтимиз манзили: www.najot.com сайтимизга мархамат қилинг. Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top