3:24

Руҳий ғалаба 212

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир масиҳий биродар масиҳийлик ҳаёти давомида доимо мустаҳкам туриши учун, имондан қайтмаслиги учун ва келадиган қаршиликларга жасурлик билан жавоб қайтариши учун нималар керак бўлиши мумкин? Албатта, Худованд билан бирга бўлиш ва Унинг амрларига қулоқ тутиш — ҳар бир масиҳий биродарнинг мустаҳкам имонининг гарови, деб айта олишимиз мумкин. Булардан ташқари Худованд бизга берган каломини қўлдан қўймасдан ўқиб ўрганиш ва ўқиганларимизни ўз ҳаётимизга тадбиқ қилиш ҳам мустаҳкам имонимизни янада ривожланиб боришига ёрдам беради.

Мана шу айтганларимизни бажара олишимиз учун нималарга эътибор қилишимиз керак? Албатта, шайтон доимо масиҳий биродарларнинг вақтини ўғирлашга уринади. Кўпчилик биродарларнинг алданиб қоладиган битта нозик жойи бор. У ҳам бўлса, “майли, ҳозир бошқа ишларимни битириб олай, кейин ўтириб бемалол калом ўқийман” деган нарса. Балки кимдир шу айтганларини бажарар, лекин кўпчилик биродарлар айрим ишларидан сўнг чалғиб кетишади. Мана шу нарса шайтоннинг вақтимизни ўғирлаши, деб айтишимиз мумкин. Албатта бир томондан қараганимизда арзимаган нарсадек кўриниши мумкин. Лекин бориб-бориб, манашулар одатга айланиб қолади. Менга бир масиҳий спортчи биродаримиз айтганлари ҳали ҳам ёдимда.

Агар кимдир озишни истаса, доимо ва қатъий равишда врачнинг айтганларини бажариб бориши керак. Кўпинча озмоқчи бўлган инсонларнинг хатоси шундаки, “майли, ҳозир озгина мана шу нарсадан еб кўрай, кейин бошқа истеъмол қилмайман”, деб айтишади. Эртаси куни ҳам худди шундай. Тақиқланган нарсалар эса инсон организмида оз-оз граммлардан йиғилиб, орадан вақт ўтган килограммларга айланиши аниқ. Айтмоқчиманки, шайтон ҳам бирданига камдан-кам ҳужум қилади. У худди илдизига болта урилган дарахт қандай аста-секинлик билан қуриб борса, худди шундай инсонларни руҳига ва вақтига болта уради. Илдизига болта урилган дарахтни эса қутқариб қолиш анча мушкул ишдир.

Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, агарда кимнингдир ҳаёти давомида вақт зиқлиги сезилаётган бўлса, ёки айрим ишларингизни бажаришга улгурмаётган бўлсангиз, албатта Худовандга мурожаат қилиб кундалик ҳаётингизни ва қилишингиз керак бўлган ишларингизни тўғри режалаштиришингизга ёрдам беришини сўранг. Калом ўқийдиган бир вақтни аниқ белгилаб олинг ва шу вақтда ҳамма нарсани унутиб ўзингизни тўлиқ Худога бағишланг. Худованд ҳар биримизни руҳан ўсиб боришимиз учун керакли нарсалар билан таъминлай олади. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Мактубларингизни ушбу манзилда кутиб қоламиз. Хайр омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top