Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азиз дўстларимиз билан соғ-саломат радиомиз қаршисида учраша олганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз радио тингловчи мухлислар, келинг, бугунги эшиттиришимиз орқали Раббимиз Исо Масиҳ хақида сўз юритсак. Биз Исонинг марҳаматини, меҳрини кўрдик, шунинг учун ҳам доимо Раббимизни улуғлаб яшашга ҳаракат қиламиз. Раббимиз Исо Масиҳ инсонларнинг ҳамма муҳтожликларини таъминлашга тайёр турибди. Исо Масиҳ овқат яратиб бериш, одамни тирилтириш, гуноҳни кечириши орқали ўзининг шарофатини барчамизга кўрсатди. Инсоннинг энг муҳим муҳтожлиги нима? Албатта унинг гуноҳи кечирилишидир. Яна бир савол: инсоннинг энг катта муаммосичи, бу нима?
Албатта қилган гуноҳларимиздир. Мана шунга ўхшаш гуноҳларимиз туфайли Худонинг ғазаби келиб, жаҳли чиққан ва Худо бизга қарши чиқяпти. Лекин азиз биродарлар, Худонинг ғaзабини йўқ қилиш учун Исо Масиҳ Раббимиз Ўзининг ҳаётини қурбонликка бағишлади. Шунинг учун Масиҳ бизни Худога яқинлаштириш ва гуноҳларимизни ювиш учун бир марта азоб чекиб, ўлди. Ўзи солиҳ киши бўлгани ҳолда, гуноҳкорлар учун қурбон бўлди, деб 1 Бутрусда ёзилган. Биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳабаттидан далолатдир, деб Римликларга мактубида ҳам ёзилган.
Чунки Худо бизни ғазаб учун эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳ орқали нажот топиш учун тайин этди. Раббимиз Исо Масиҳ биз учун ўлди, деб Салоникаликларга мактубида ёзилган. Албатта Худованд гуноҳни жазолаши шарт. Бизда иккита йўл бор. Биринчидан, биз қилган гуноҳларимиз учун Худонинг ғазабига учраб ўлишимиз керак. Ўлганимиздан кейин эса қилган гуноҳларимиз учун дўзахга борамиз. Ёки икиинчидан, Исо қилган гуноҳларимиз учун Худонинг ғазабини ўзига олиб, биз учун ўлиши керак. Бошқа йўл йўқ. Менимча, ҳеч ким бошқа йўлни топа олмаса керак, чунки бошқа йўл йўқ. Исо деди: “Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди”.
Шунинг учун сиз танлашингиз керак. Ким, қилган гуноҳларингиз учун жазоланади? Худо қилган гуноҳларингиз учун кимнидир жазолаши шарт. Сабаби У адолатли Худодир. Исо гуноҳнинг эвази учун тўлов тўлади. Исо сизни қутқаришни хоҳлайди. Исо қилган гуноҳларингиз учун тавба қилишингизни хоҳлайди, лекин У мажбур қилмайди. Сиз эса, албатта, тавба қилишни танлашингиз керак. Қандай қилиб сиз нажот олишингиз мумкин?
Зеро Худо оламни шунчалик севдики, ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин, деб Юҳанно китобида ёзилган. Агар сиз Исони юрагингизга қабул қилсангиз ва Исога имон келтирсангиз, нажот топасиз. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com яна радиомиз қаршисида учрашгунча хайр саломат бўлинг.