3:40

Кўзлар парвариши

MP3

Ассалому алайкум. Худо инсонни яратаётганида инсон ақли бовар қилмайдиган донолик, дид билан ишлаганки, инсон аъзоларининг вазифасини кўриб, бундан фақат ҳайратланамиз ҳолос. Ички организмлар ҳақида қўя туринг, инсоннинг энг кўзга кўринадиган ва гўзал қисми бу унинг юзи ҳисобланади. Юзимизда қош, киприкларимиз ва кўзларимизни шундай ажойиб тарзда жойлаштирганки, улар бир-бирини тўлдириб, бизни гўзал қилиб кўрсатади. Кўзлар. Бу Худо ато этган аъзоларнинг энг гўзали ва энг нозик, беҳабо ва мураккаб тузилган орган бўлиб, инсон қандай иш бажармасин, унинг нуридан фойдаланади. Инсон ташқи муҳитдан олдадиган таассуротларнинг 90 фоизини кўз орқали қабул қилади ва одамнинг сиҳат саломат бўлиши, ақлий томондан такомилланиши, тафаккури кўп жиҳатдан кўзнинг яхши кўриш қобилиятига боғлиқ.

Кўз тарихий тараққиётга кўра, бош миянинг бир қисми бўлиб, баъзан кўзни киши организмининг митти шакли ҳам деб юритадилар. Қадим замонлардан бизгача етиб келган мақолада «юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал» дейилади. Олимларнинг таъкидлашича, турли хил кўз касалликлари, унинг жароҳатланиши, ноқулай иш ва уй шароитлари, ҳар хил умумий касалликлар ҳам кўриш жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, юрак ва қон томирлари тизими касалликларида кўзнинг тўр қавати қон томирлари иши бузилади, кўз оқида қон қуйилиши ҳолатлари пайдо бўлиб, кўп вақт ўтмай, ёруғликни сезувчи ҳужайралар ва асаб толалари ҳам жароҳатланади. Кўз касалликлари хилма-хил бўлиб, уларни аниқлаш ва даволаш усуллари ҳам ранг-барангдир. Кўзни турли касалликлардан асраш, кўриш қобилиятини узоқ вақт сақлаб қолиш бугунги даврда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис қуйидаги содда, ва беозор саналган муолажаларни эслатиб ўтишни лозим топдик:

Меъёрдаги овқат, меҳнат ва дам олишни тўғри режалаштириш инсон саломатлигини сақлайди, кўзга қувват бағишлайди. Ҳўл мева, сабзавот ва кўкатлардан унумли фойдаланиш кўз нурининг ўткирлигига катта ижобий таъсир кўрсатиб, одам умрини зиёда қилади.

Кўз соққасини бекитиб, уни ташқи зарарли таъсирлардан ҳимояловчи кўз қовоқлари хира ёки жуда кучли ёруғликда, шамол, чанг, уйқусизлик, соф ҳафода кам бўлиш, жуда тўйиб овқатланиш, кўп ва аччиқ чой, кофе ичиш, баъзида киприкларни бўягандан кейин кўз касалликлари таъсирида осонликча шишади, териси яллиғланади, бўшашади, салқиб туради, тез буришади.

Киприклар кўзни ҳимоялаш ва кишини жозибадор қилиш билан бирга юзга ҳусн беради. Агар кўз қовоқлари тез-тез қизариб, яллиғланиб турса, киприк ингичка тортади, синади, тўкилади ва сийраклашади. Киприклар туш ва бўёқ билан ҳадеб бўялаверганидан ҳам ингичга тортиб, мўрт бўлиб қолишини унутманг.

Қошлар кўзни тепадан тушаётган чангдан, шамол таъсиридан, пешонадан оқиб тушаётган тер томчисидан ҳимоялайди. Қош юзга ҳусн бериб, кўзнинг жозибадорлигини оширади. Баъзи ич ва тери касалликлари сабабли, ёш улғайган сари қуёш нури узоқ таъсир этганда, сифатсиз қош бўёқлари ишлатганда, қошни тез-тез тарайверишда ва себорея билан зарарланганда, тукларнинг нормал озиқланиши бузилиб, қош ингичка тортиб, сийраклашади, баъзан қош бутунлай тўкилиб кетиши мумкин. Кўзлар уларнинг касалликлари ҳақида билишни истасангиз бизнинг кейинги суҳбатларимизни тинглашни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top