Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, имонли одам учун ибодат ҳаводак зарур. Буни ўзингиз ҳам биласиз. Ибодат бизни юпатувчи Худога бўлган муносабатимиздир. Ибодат шу қадар муҳимки, хатто Раббимиз Исо Масиҳ ҳам Ўзининг илоҳийлигига қарамасдан доим ибодат қилиб келган. Биз ҳам ибодат қиламиз. Лекин биз қандай ибодат қиламиз? Чунки ибодат қилганда бизнинг ширин сўзларимиз эмас, аксинча, юрагимиз муҳимроқдир. Биз имонлилар қандай ибодат қилишимизга диққат қилишимиз керак. Келинг, Раббимиз бу ҳақда нима деганини бир кўриб чиқсак. Луқо хушхабаридаги 18чи бобда қуйидаги оятлар битилган. “Ўзининг тақводорлигини пеш қилиб, бошқаларни эса камситиб юрган баъзи одамларга Исо қуйидаги масални айтиб берди: «Бири фарзий, бошқаси солиқчи бўлган икки киши ибодат қилиш учун маъбадга кирибдилар.
Фарзий алоҳида туриб, ўзича шундай ибодат қилибди: – Ё Худо! Мен бошқа одамлардай талончи, жиноятчи, зиногар ва ҳатто шу солиқчи сингари бўлмаганим учун Сенга шукр айтаман. Ҳафтада икки марта рўза тутаман. Топганимнинг ўндан бирини ушр учун ажратаман. Солиқчи бўлса узоқда туриб, ҳатто кўзларини осмонга қаратишга ҳам ботина олмай, кўкрагига урганича: – Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил! – дебди. Сизга айтаманки, бу одам боягидан кўра оқланиб уйига қайтибди. Чунки ўзини юқори олган ҳар бир киши пасайтирилади, ўзини паст олган эса юксалтирилади»”. (Луқо 18:9-14). Азизлар, кўриб турганимиздек нафақат ибодат қилганимизда, балки, юриш туришимизда ўзимизни юқори олишдан сақлашимиз керак. Азизлар, келинг, бугунги ибодатни айнан шу мавзуга, яъни юракдан ибодат қилиш мавзусига қаратамиз. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир.
Худойим, азиз Отажон, бизга севги қўйганинг учун рахмат. Худойим, биз энди Сенинг шоҳлигинга тегишлимиз. Биз энди Сен билан яқин муносабатдамиз. Худойим, бизга ибодат қилишни ўргат. Бизга айнан юракдан, кучли ва таъсирчан ибодат қилишни ўргат. Худойим, бизнинг ибодатларимизни имон ва Муқаддас Руҳинг билан тўлдиргин. Худойим, ибодатни нафақат ўзимиз учун, балки Сенинг севгинга мухтож бўлганлар, Сенинг нажотинга чанқоқ бўлганлар учун ибодат қилишни биз нодонларга ўргат. Худойим, биз нафақат ўзимиз учун, балки, бошқа имонли биродарларимиз учун ҳам ибодатда бўлишимизга ёрдам бергин. Бирбиримизга доим далда ва ёрдам беришимизга Ўзинг ёрдам бергин. Худоим, бизга Раббимиз ибодат қилганидек ибодат қилишга ўргат. Ибодатимиз бизга хаводак зарур бўлсин. Овқатга қандай талабчан бўлсак, ибодатга ҳам худди шундай талабчан бўлайлик. Отажон, Сенинг муқаддас исминг, нажотинг ва севгингни ерда ёйишга ибодатларимиз ёрдам берсин. Сенинг муқаддас номинг ила. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.