Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. «Худонинг доимийлигини билишдан мен учун қандай наф бор? — деб бирор киши сўраб қолиши мумкин. — Балки буларнинг ҳаммаси умуман олганда, руҳий фикр-мулоҳазалардир? Эҳтимол, бу
маълум даражада ақл-идрокка эга бўлган кишиларни қаноатлантирувчи, бироқ ҳаракатдаги одам учун кўринарли аҳамият касб этмайдиган бирон нарсадир?»
Агарда «ҳаракатдаги одам» деб, дунёвий ишларга муккасидан кетган ва Масиҳнинг даъватларига, ўз жонларининг нажот топишига ва яқинлашиб келаётган дунёнинг
воқеликларига бефарқ бўлган имонсиз кишиларни назарда тутадиган бўлсак, у ҳолда улар учун бу каби китоблар ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди; афсуски, бундай кишилар учун имон-эътиқод ҳақида жиддий сўз юритадиган ҳар қандай
китобнинг аҳамияти йўқдир. Гарчи бундай кишилар жуда кўп бўлсада, улар ер юзининг бутун бир аҳолисини ташкил қилмайди. Ҳали Бол қаршисида тиз чўкмаган ўша етти минг киши ҳам бор. Бу кишилар ўзларининг Худога хизмат қилиш
учун ва Унинг ҳузуридан абадий қувониш учун яратилганликларига ишонадилар ва улар абадий бирга бўлишга умид қилган Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, ҳаммасини билиб олишдан қувонадилар.
Самовий Отасининг Ўз-Ўзидан ҳеч қачон фарқланмаслигини тушуниб етиш масиҳийнинг қалбига шу қадар улуғ бир ҳотиржамлик туйғусини бера олади. Биз
Худонинг ҳузурига қай вақтда келмайлик, У бизни қабул қиладиган кайфиятдами ёки йўқми, деб ўйлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. У ҳамиша ғам-ташвиш ва муҳтожликка, шунингдек, севги ва ишончга жавоб беради. Худода қабул қилиш вақти ва ташриф буюрганларни қабул қилмайдиган вақт йўқ. У ҳеч бир
нарса ҳақида Ўз фикрини ўзгартирмайди. Бугун, айнан шу лаҳзаларда ҳам инсониятнинг гуноҳини ювиш учун Ўзининг ягона Ўғлини дунёга юборган бир пайтда ҳис қилган туйғуларини Ўзи яратган мавжудотларга, болаларга, беморларга,
йиқилганларга, гуноҳга ботганларга нисбатан ҳам ўз бошидан кечирмоқда.
Худонинг кайфияти ҳеч қачон ўзгармайди, меҳрибончилиги ҳеч қачонн заифлашмайди ва шижоати ҳеч қачон сўнмайди. Худонинг гуноҳга бўлган муносабати У гуноҳкор инсонни Адан боғидан ҳайдаган пайтдаги каби, гуноҳкорга нисбатан муносабати эса ҳозирги кунда У қўлларини чўзиб: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман» (Мат. 11:28), — деб айтган пайтдаги кабидир. Худо ҳеч қачон муросаю келишувлар сари бормайди ва Уни кўнглини овлаш учун ҳаракат қилишнинг кераги йўқ. Худони Ўз сўзини ўзгартиришига ёки худбинларча қилинган ибодатимизга жавоб қайтаришига кўндириш мумкин эмас. Худони топиш, Унга маъқул келиш, Унинг билан муносабатда бўлиш учун қилган барча саъйи ҳаракатларимизда биз
ўзгаришларнинг фақатгина ўзимизда юз бериши мумкинлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим. «Мен Худовандман, Мен ўзгармайман» (Мал.3:6). Биз фақатгина Худо аниқ қилиб берган шартларни бажаришимиз, ўз ҳаётимизни Унинг Ўзи бизга намоён қилган иродасига мувофиқ тарзда ўзгартиришимиз керак.
Азизлар, бордию дастур мавзуси бўйича бирон бир савол туғилган бўлса, уни dilkash@najot.com манзилига йўлланг, ёки www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Раббимиз Севгиси ва Нажоти сизга ёр бўлсин. Хайир, омон бўлинг.