3:29

Аёлсиз уй – тун

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Бугун фарзандлар, турмуш ўртоқлар ёки бошқа биров ҳақида эмас айнан ўзимиз ҳақимизда гаплашамиз. «Аёл» деб аталган мўъжизанинг ҳали том маънодаги таърифи, ярашиқли ўлчови ҳали топилгани йўқ. Аёллик оламида юрган аёлнинг ўзи ҳам ўзини тугал танимайди. Олис сайёралар ўрганилди, етти қават ернинг сири ошкор бўлди, аммо аёл қалбидаги очилмаган неча-неча қитъалар шундайлигича қолиб бормоқда. Руҳиятида кўзи очилмаган минг бир булоқнинг, хазиналарнинг, бағрида даҳшатли вулқонларнинг мавжудлигини билмаган аёл синиққина қадам босади. Сокингина бешик тебратади. Нимтаъзим билан хушбўй сабодай оҳиста ва шарпасиз ёнингиздан ўтиб кетади. Шикаста овоз билан сиздан ҳол сўрайди, унинг этакларининг нимовоз, майин шилдирашидан атрофингизда жаннатий ҳаволар яралади. Бир сўзи билан бор бўласиз, бир сўзи билан йўқ. Аёл ким ўзи?

Гоҳида шундай гапларни эшитасиз: — Аёл кишига ўхшама! – Аёллигига бориб хато қилибди-да, ҳафа бўлманг! – Хотин кишидай майдалашма!

Мана шу гапни айтган одамнинг ўзи ушоқ. Аёл хусусида бундай демоқдан тийилиш жоиз. Ва огоҳ бўлайликки, дунёдаги жами яхлитлик ва бутунлик Аёл биландир! Ўрмалаган жоннинг бари аёлга юзланади, онам деб, жуфтим деб, опам, синглим, момом, қизим деб ундан жон олади, нур, мадад олади! Аёлсиз ҳаёт дарвозаси берк бўлса, ҳамма ишимиз унга тушиб турса, ҳаловатга ҳам, ҳалокатга ҳам аёл сабабчи бўлса, нега аёл аталмиш илмни ўрганмаймиз?!

Аёл – сеҳр. Бармоқларини шундай югуртирса, кераксиз, қийқимлар чаман шакли тушган ёстиққа, кўрпачага айланади. Уйга бир кириб чиқса, пардаларга-ю деворларга, жовонларга –ю меҳробларга баҳор юққандай, изларида ифор уфургандай бўлади. Аёли бор уйнинг дастурхони камбағал бўлса ҳам, мазаси тотли. Димоғингни онангнинг кўксига босган заҳотинг бутун жисми-жонинг тўяди. У бир жилмайса, уканг, юпанади, отанг шаштидан тушади. Унинг бир имоси, шикастагина далдаси билан уйдаги ҳамма ишлар юришиб кетади.

Аёлнинг жисмида кўпчиб турадиган минг имкон бор. Бундай имкони борлигини аёлнинг ўзи ҳам билмайди. Бу қудрат керагида пайдо бўлади, уни Худо беради. Юрий Андреевнинг «Бахтли бўл, ўғлим» китобида боласини қутқариш ҳалокатдан учун жон-жаҳди билан урилиб, елиб келаётган юк машинасини ағдариб юборган аёл ҳақида гап боради.

Аёл ўзи ким, дея ёқангни ушлайсан. Бамисоли у тўғонга қамалган сув – очилиб кетгудай бўлса, ҳўлу қуруқни баравар ювиб кетади. Аёл – мисли гўдак! Ëлғондан юпатсангиз ишонади. Бир ширин гап билан баҳтиёр бўлади. Бола онасиз жавдираб қолгани каби, аёл ўз боласига, жуфтига, уйига шундай мубтало бўлиб яшайди. Унинг учун дунёни титратган муаммолар кейинги ўриндадир: жуфти омон-эсон ишдан қайтса, бас, фаровонлик шу. Жой-жойида ухлаб ётган болалари жисми-жонини яйратади. Гўдак учун ота-онанинг хунук-чиройлиси, бой-камбағали бўлмагани каби, аёл учун ҳам шундай, агар уни суйсалар, эътибор берсалар, авайлаб муомала қилсалар, қора жуфтини оппоғим деб, содда рўзғорини салтанатим деб, бағрига босиб ўтираверади. Азиз тингловчи, аёл ва унинг олами ҳақида билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга ўз эшикларини очади. Марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top