3:59

Масиҳдан ибрат олинглар

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи ака ука ва опа сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, менга шуни айтингчи, сиз кимдан ибрат олиб ҳаёт кечирмоқдасиз? Ҳаётингизни қайси тош устига соляпсиз? Албатта, бу ҳаётда ҳар ким ўз йўлини ўзи танлайди. Лекин бир нарса аниқ маълумки, ҳаётини Худонинг Масиҳига топширган киши Масиҳдан ибрат олиб яшайди. Масиҳдан ибрат олиб яшашнинг ўзи нима? Келинг, ушбу саволга жавоб олиш учун Муқаддас Каломдаги Бутруснинг 1чи мактубининг иккинчи бобига назар солсак.  Эй хизматкорлар, фақат юмшоқ ва хушфеъл хўжайинларгагина эмас, балки феъли-хўйи терс бўлганларига ҳам камоли эҳтиром билан итоат қилинглар…. Худо сизларни ана шу мақсадда даъват этган. Масиҳ ҳам: «Менинг изимдан юринглар», деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди.

Тавротда У ҳақда ёзилганидек: «У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, Оғзидан бирон эгри сўз ҳам чиқмаган». Масиҳ ҳақорат қилинганда ҳеч кимга ҳақорат билан жавоб қайтармас эди, азоб чекканда эса ҳеч кимга таҳдид қилмас эди. Фақат одилона ҳукмловчи Худога Ўзини топширар эди. Биз гуноҳ қаршисида ўлиб, энди солиҳлик билан яшашимиз учун, У хочда гуноҳларимизни Ўз баданига сингдирди. Унинг яраларидан сиз шифо топдингизлар. Илгари чўпонсиз адашиб юрган қўйларга ўхшар эдингизлар, энди эса жонларингизнинг Чўпону Посбонига қайтиб келдингизлар. (1Бутрус 2:18-25). Азизлар, бугунги ибодатимни айнан шу мавзуга, яъни, Масиҳдан ибрат олиб яшаш мавзусига қаратмоқчиман. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг, чунки, бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир.

Осмондаги Отажон, Сен билан бирга ҳаёт кечириш нақадар ажойибдир. Сенинг муқаддас севгинг бизни озод қилди. Сенинг бизларга бўлган севгинг шайтон кишанларини узиб ташлади. Худойим, биз энди Сенинг шоҳлигинга тегишлимиз, биз энди бутунлай Сенинг қўлингдамиз. Лекин ҳаётимиз давом этмоқда, дунё бизга қарши чиқмоқда. Отажон, бизга яшашни ўргат. Ушбу дунё бизга қандай нафрат билан қарамасин, қандай қийинчиликларни олдимизга қўймасин, Сенинг Масиҳингдан ибрат олиб яшашни бизга ўргат. Чунки бу ҳаётнинг барча калитлари айнан Масиҳда эканини биламиз. Отажон, юрагимизни шу қадар ўзгартириб ташлагингки, ҳар қандай ҳақоратга, ҳақорат билан эмас, балки, ўзимизни Сенга, одилона хукмловчига топширайлик. Худойим, Масиҳнинг изидан юришни бизга ўргат. Илгари биз адашиб қолган қўйлар каби яшар эдик, лекин энди хаммаси бошқа, бизда энди яйловларга олиб борувчи яхши чўпонимиз бор. Биз энди Чўпону Посбонимизга қайтиб келдик. Худойим, Сенинг иштирокингсиз хаётимизни бир заррачага ҳам ўзгартиролмаймиз. Севикли Отажон, хаммаси Сен муқаддасга тегишли, хаммаси Сен туфайли ҳаётдир. Шундай экан, ҳаётимизни ва юракларимизни бутунлай ўзгартириб ташла, бизни Масиҳинга арзийдиган инсон қилиб, Масиҳдан ибрат олиб яшашни ўргат. Сенинг муқаддас номинг сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top