Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Худонинг марҳамати одамларга хочга михланган ва қайта тирилган Исо Масиҳдир. Худонинг марҳамати ва гуноҳларнинг
ювилиши ҳақида ҳаммадан кўра кўпроқ гапирган ҳаворий Павлус Худонинг марҳаматини ҳеч қачон хочга михланган Худо Ўғлидан ажратмайди. Павлуснинг таълимотида улар биргаликда, азалдан мавжуд бўлган ягоналикда ва бир-биридан
ажралмаган ҳолда эсга олинади. Бу мавзу ҳаворий Павлуснинг Эфесликларга Мактубида янада тўла-тўкисроқ ва ёрқинроқ ифода этилган:
«Бизни мурувватига сазовор билиб, Исо Масиҳ орқали Ўзига ўғил қилиб
олишга азалдан қарор қилди. Илоҳий меҳр-шафқатнинг донғи чиқсин деб Худо севикли Ўғлини юбориб, бизга иноят қилди. Унинг Ўғли эса қонини тўкиб, бизнинг гуноҳларимизни ювди. Худонинг бу чексиз инояти туфайли биз барча айбу
гуноҳларимиздан фориғ бўлдик» (Эфес. 1:5-7). Шунингдек, Юҳанно ҳам ўз Хушхабарида Исо Масиҳни Худо марҳамати У орқали инсониятга ўтувчи восита сифатида таърифлайди: «Таврот Қонуни Мусо орқали берилган эди, илоҳий иноят ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали зоҳир бўлди» (Юҳан. 1:17).
Бироқ, айнан шу ерда осонгина йўлдан чиқиб кетиш ва ҳақиқатдан узоқлашиб қолиш мумкин; баъзи бир одамлар шундай қилишган ҳам. Худонинг марҳамати ҳақидаги таълимот баён этилган Муқаддас Ёзувларнинг бошқа қисмлари билан
боғлиқлигига эътибор бермаган ҳолда, улар Мусо фақат қонунни, Масиҳ эса фақат марҳаматни билган, дея хулоса чиқаришди. Шу тарзда Эски Аҳдни қонун китоби, Янги Аҳдни эса Худо марҳамати китоби сифатида эътироф этишди. Бироқ
ҳақиқат бутунлай бошқа нарсададир. Қонун инсонларга Мусо орқали берилган эди, бироқ у Мусодан келиб чиқмаган. Қонун Худонинг қалбида дунё яратилгунга қадар ҳам бор эди. Қонун Синай тоғида Исроил халқининг қонунлар тўплами бўлиб қолди; бироқ бу тўпламда баён этилган аҳлоқ қоидалари абадийдир. Қонун инсонлар учун Худонинг иродасини ифода этмаган бирор вақт ҳам бўлмаган ва Худо сабр-тоқатли ва гарчи инсонлар томонидан билмай туриб содир қилинган ёвузликларга баъзида «бармоқлари орасидан қараган» бўлса ҳам, қонунни бузиш ҳеч қачон жазосиз қолмаган. Ҳаворий Павлуснинг Римликларга мактуби, учинчи ва бешинчи бобларида баён этилган аниқ далиллари бу саволга тўлиқ аниқлик киритади.
Масиҳийлик таълимоти манбаи —Мусонинг қонуни эмас, балки Масиҳнинг севгисидир; таълимотнинг қонундаги барча қоидалари эса бекор қилинмаган. Қонун белгилаган адолатга амал қилишдан озод бўлган ҳеч қандай имтиёзли табақа мавжуд эмас. Ҳақиқатан ҳам Эски Аҳд — қонун китоби, бироқ фақат қонунники эмас. Дунёни сув босиши олдидан Нуҳ «Худованднинг илтифотига сазовор бўлган эди» (Ибт. 6:8). Бундан бошқа қанақа бўлиши мумкин эди? Худо ҳамиша Ўзлигини сақлаб қолади, марҳамат эса — Унинг муқаддас борлиғи хусусиятидир. Қуёш ўзининг ёрқин нурларини яшира олмагани каби, У Ўз марҳаматини яшира
олмайди. Азизлар, бордию сизларда бирон бир савол ёки фикрингиз бўлса, уларни dilkash@najot.com манзилига йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Раббимиз Севгиси ва Нажоти сизга ёр бўлсин. Хайир, омон бўлинг.