Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Маълумки, имон билан айтилган ибодат катта куч-қудратга эга. Буни биз Муқаддас Каломдан хам билиб олишимиз мумкин. Масалан, агар Матто хушхабаридаги 11чи бобни ўқисангиз у ерда қуйидаги оятларни кўрасиз. Эрта билан улар яна анжир дарахти ёнидан ўтиб қарашсаки, дарахт илдизигача қуриб қолган экан. Бутрус бўлган ҳодисани эслаб, Исога: – Устоз! Қара, Сен лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди, – деди. Исо бунга жавобан айтди: – Худога ишончингиз бўлсин. Сизларга гапим шуки, агар ким бу тоққа: „Қўпорилиб денгизга отил”, деса-ю, ўз қалбида шубҳаланмай, айтгани бажо келишига қаттиқ ишонса, айтгани бўлади. Бинобарин, сизларга айтаман: сиз ибодатда нимаики сўрасангиз, олишингизга ишонинглар ва эришасизлар. Ибодат қилиб турганингизда бировда гинангиз бўлса, уни кечириб юборинг, токи осмондаги Отангиз ҳам сизларнинг гуноҳларингизни кечирсин. Агар сизлар бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирмасангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизларни кечирмайди. Азизлар, кўриб турганингиздек имон билан айтилган ибодат жуда катта қудратга эгадир. Ибодат орқали имонли киши хатто тоққа қўпорилиб денгизга отил деса хам айтгани бажо бўлишини хазрати Исо Масих айтиб ўтди. Албатта, хар қандай ибодат бажо бўлиши учун қалбимизда имон бўлиши керак. Хар бир қилинган ибодат юракдан чиқмаса унинг фойдаси бўлмайди. Ундан ташқари, мен айтиб ўтганимдек Худо билан шахсий муносабат ўрнатиб нажотга эришган инсонлар ибодат қилиб сўраган нарсалари амалга ошишига амин бўлишлари мумкин. Дўстим, дастуримиз ибодат мавзусига бағишланганини эътиборга олган холда қўлимизни очиб Худога ибодат қилайлик. Азизлар, бордию сиз ибодат қилишни билмасангиз хеч хавотир олманг. Истасангиз, кетимдан қайтариб ибодат қилишингиз мумкин. Осмондаги Отажон, Парвардигорим. Сенинг шохлигинг келсин. Худойим, гунохларимни кечиргин, чунки мен хам душманларимни кечириб юбордим. Худойим, менга ибодат қилишни ўргат. Сен билан шахсий муносабат ўрнатганим учун ва Исо Масихни мен гунохкор банда учун қурбон қилганинг учун исмингни улуғлайман. Худойим, менга ибодатнинг қуч қудратини кўрсат! Мен хам Сенинг ёрдаминг билан рухан ўсишни истайман. Хар бир куним хар бир дақиқам фақат Сен ҳақингда бўлишни истайман. Худойим, мен энди ўзимга ё шайтонга тегишли эмасман, аксинча, Сен мени гунох жаридан қиммат бахога сотиб олдинг. Энди мен фақат Сенга тегишлиман. Мени гунох кишанларидан озод қилиш учун хазрати Исо Масихни хочга юбординг. Худойим, энди мен тўппатўғри Сен билан ибодатларим орқали юзмаюз гаплаша оламан. Ахир бу нақадар яхши Отажон! Худойим, менга имон билан ибодат қилишни ўргат. Мен хам хазрати Исо Масих айтганидек, ибодат қилганимда қалбимда шубхаланишни истамайман. Хар бир ибодатим Сенинг Муқаддас Рухинг ёрдамида айтилишини истайман. Мен фақат имонли ибодатга эга бўлишни Сендан сўрайман. Худойим, мен Сенинг буюк режангни хали билмаган одамлар учун ибодат қиламан. Уларни Муқаддас Рухинга тўлдир. Улар хам Сени билиб, хазрати Исо Масихнинг қурбонлигини қабул қилишсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.