3:02

Худо ва фарзанд

MP3

«Мана ўғиллар – Худованд берган насиба, фарзандлар – Худованд берган мукофотдир» (Заб 126:3).

Ассалому алайкум, қадрдонлар. Аёлнинг Худо томонидан белгилаган энг асосий вазифаси бу фарзандларни дунёга келтиришдир. Шунчаки фарзандларни эмас, имонли, солиҳ ва Худога садоқатли фарзандларни. Деярли ҳар бир аёл ҳомиладор бўлиб, фарзандни дунёга келтиради. Аммо ҳамма ҳам фарзанднинг нақадар муҳимлигини, унинг она қорнида пайдо бўлиши Худодан эканлигини ҳамма ҳам англаб етавермайди. Фарзанднинг пайдо бўлиши, бу Худодан. У шунчаки содир бўлган, табиий равишда бўлиши керак бўлган нарса эмас. Агар Худонинг хоҳиши бўлмаса, аёл фарзандли бўлолмайди. Қадимги Ахд давридаги оналарни эсланг. Исҳоқнинг онаси Сорони, Шомуилнинг онаси Аннани, Ëқубнинг онаси Ривқони ва ниҳоят Яҳё чўмдирувчининг онаси Елизаветани. Уларнинг бари, даставвал фарзандсизликдан қийналишган. Қадим Исроилда фарзандсизлик бу аёлнинг бошидаги лаънат ҳисобланарди. Бепушт аёлга ҳамма паст назар билан қараган. Аёлни фарзанд кўрмагани учун камситиш ҳозир ҳам учраб турадиган ҳолат. Юқорида номлари зикр этилган аёллар, жуда узоқ вақт шармандаликка чидаб, фарзанд кутиб, ниҳоят Худонинг марҳаматига эга бўлганлар. Шармандаликдан ҳалос бўлганлар. Бу бекорга эмас эди. Худо уларни бекорга куттирдими? Улар шунчаки оддий фарзанднинг эмас, махсус, тақдирида, Худонинг ҳизматини қилиш белгиланган фарзанднинг онаси бўлиш учун узоқ вақт кутишди. Худо берадиган фарзандни узоқ кутган она, фарзандга Худонинг назари билан қарайди, уни Худо истаганидай қилиб ўстиради. Бу билан Худонинг номи улуғланади.

Тасаввур қилинг, агар Иброҳим пайғамбар Исҳоқнинг туғилишини узоқ вақт кутмаганида, уни Худо айтганидай, қурбонлик қилишга олиб бора олармиди? Худога бўлган ишончи шу қадар юксак бўлармиди? Агар Анна Шомуилга ҳомиладор бўлишни, узоқ вақт кутмай, тезда ҳомиладор бўлганида, кичкинагина фарзандини Худонинг хизматига топшира олармиди? Албатта, йўқ.

Аммо афсуски, бугунги кунда кўпгина оналар, фарзандларига Худонинг совғаси сифатида қарамайдилар. Фарзандларга қўл учида, наридан-бери эътибор, берилади. Тарбия ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Кўпчилик оналар учун фарзанд уй ишлари, касбидан кейинги ўринда туради. Худодан берилган бу болалар эътиборсиз оналар қўлида хор бўлади. Қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам болаларнинг аҳволи бирдек. Куннинг иссиғида, юзлари овқат қолдиғи, сўлак ва ширадан кир бўлиб кетган, юзларига пашшалар қўнаётган, пашшаларни кичкина жажжи қўлчалари билан ҳайдашга уринаётган болакайнинг бечораҳол ўтиришини кўрганмисиз? Онаси эса уй юмушлари билан овора. Худо бу болакайни шу онага хор қилиш учун бериб қўйдими? Кўпгина болалар, эътиборсизлик туфайли, касал бўлади. Касал ҳолида ҳам етарлича эътибор, дори-дармон олмаган бола, бир кун келиб нобуд бўлади. Худонинг мукофотига оналарнинг эътибори, муносабати шуми? Мана шунинг учун ҳам кўпгина фарзандлар ота-оналарига меҳрсиз бўлиб улғаймоқда. Азизлар фарзандлар ва оналар ҳақида кўпроқ маълумот олишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бажонудил ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top