2:50

Кичик бизнеснинг асосий тушунчалари ва қоидалари 7 қисм

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Куйидаги дастурлар асосан тадбиркорчилик билан шуғулланмокчи бўлган юртдошларимизга фойдали бўлиши мумкин. Дастур давомида, кизикарли ва тадбиркорлик фаолиятингизга фойдали маълумотларни хавола этаман. Пудрат шартномасида буюртмачи ва пудратчи сифатида қатнашувчи шахслар тадбиркор шахслар бўлиши мумкин.

Шартномада буюртмачининг топшириғига биноан маълум бир ишни унинг ёки ўзининг материалидан бутун масъулиятини ўз зимасига олиб, бажариш мажбуриятини олувчи шахс-пудратчи бўлса, иккинчи томондан, бажарилган ишни қабул қилиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олувчи шахс-буюртмачи ҳисобланади.

Бу шартномада катнашувчи тарафлар ҳар икки томондан ҳам мулкчилик шакллари турли тадбиркор ташкилотлар ва фуқаролар бўлиши мумкин. Баъзи бир ташкилотлар бошқа ташкилотнинг буюртмасини бажариш учун махсус ваколатга эга. Маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, ателье каби ташкилотларни ана шундай махсус ташкилотлар қаторига киритиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг мулкни тасарруфдан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунига асосан маиший хизмат кўрсатиш корхоналари хусусийлаштирилиб, улар юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган бир қанча кичик корхоналарга айлантирилди. Мазкур кичик корхоналар ишларни бажариш бўйича бошқа ҳуқуқий шахслар билан пудрат шартномасини туза оладилар.

Қурилиш пудрати шартномасида пудратчи билан буюртмачи томонлар бўлиб ҳисобланадилар. Пудратчи сифатида тадбиркор қурилиш ташкилотлари иштирок этади. Ишларни бажаришга доир мажбуриятларнинг объекти пудратчи ташкилотларнинг бевосита хўжалик фаолияти, яъни шартномада иштирок этувчи субъектлар тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари қаратилган ҳаракат ҳисобланади. Пудрат шартномасида пудратчи, яъни маиший хизмат кўрсатиш кичик корхоналари буюртмачи корхоналарнинг кийим-кечак, пойабзал маҳсулотларининг кичик партиясини ёки мебель, тери маҳсулотларини тайёрлаш учун берган буюртмаларини тайёрлаб беришга қаратилган ишнинг натижаси бўлади.

Қурилиш пудрати шартномасида эса, турли қурилиш объектларини қуриш, шартноманинг асоси бўлиб ҳисобланади. Ишларни бажаришга доир мажбурият субъектларининг муайян ҳуқуқ ва бурчлари, шартноманинг бандлари, мажбуриятнинг мазмунини ташкил этади.

Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг ёки www.najot.com сайтининг керакли бўлимига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top