Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Суҳбатимизни бошлашдан олдин Муқаддас Каломдан бир оятни келтирмоқчиман. «Агар уйни Худованд қурмаса, қурувчилар бекорга ишлайди. Агар шаҳарни Худованд қўриқламаса, қоровул бекорга бедор қолади» (Забур 126:1). Бу оятнинг аёлларга нима даҳли бор деб сўрарсиз. Биз аёллар мана шу оятда келтирилган қурувчи ва қоровуллармиз. Биз фарзандларимиз табиати, характерининг қурувчиларимиз. Уларни ёмон таъсирлардан, балолардан асрайдиган қўриқчилармиз. Бироқ агар Худованд биз билан бирга фарзандларимиз ҳаётида ишламаса, бизнинг ҳаракатларимиз бекор. Худди шунинг учун ҳам, Худованддан, ҳаётимизда, оиламизда, болаларимизнинг юракларида ишлашини сўраб илтижо қилишимиз керак.
Шоҳлар китобида шоҳ Ахабнинг ўғли Йўрам ҳақида шундай дейилган. Йўрам Мўаб шоҳига қарши урушиш учун Эдўм саҳроси йўлидан борди. Бироқ ярим йўлга келганида сувлари тугаб қолди. «Шу яқин атрофда Эгамизнинг пайғамбарларидан бири йўқмикан», — деб суриштирди Йўрам. Шунда унга пайғамбар Элишайни топиб келтиришди. Элишай уларга саҳрода чуқур қазишни буюрди. Ҳеч қандай ёмғир ёғмаса ҳам, Эгамиз чуқурларни сувга тўлдиришини ваъда қилди. Шундай қилиб Йўрам, Яҳудо ва Эдомнинг аскарлари чуқур қазидилар. Худованд эса бу чуқурларни сувга тўлдирди. Биз оналар ҳам мана шу чуқур қазиган аскарларга ўхшаймиз. Бераётган тарбиямиз, қилаётган ибодатларимиз, Худонинг каломини ўргатишларимизнинг ҳаммаси, худди чуқур қазишга ўхшайди. Аммо Худованд бу чуқурни тўлдирмаса, ҳаммаси бекордир. Биз худди Исроил аскарларига ўхшаб, чўлда сув тўлишига умид қилиб чуқур қазиётганга ўхшаймиз. Агар фарзандларимизни Худо истаганидай, ўстириш йўлида имон билан ишласак, Худо бир куни мана шу чуқурни сув билан тўлдиради. Шунда фарзандларимизнинг руҳий ҳаёти гуллаб-яшнайди. Имон билан чуқур қазиш бизнинг ишимиз, уни сувга тўлдириш эса Худонинг иши.
Мен Худонинг ишига ҳайрон қоламан. Аслида қудратли Худога бизнинг ёрдамимиз керак эмас. У нима қилишни истаса, бизнинг ёрдамимиз ҳам бемалол қила олади. Аммо У Ўзи бизнинг ва фарзандларимизнинг ҳаётида режалаштирган ишида, бизнинг ҳам қатнашишимизни истайди. Бу жуда ҳам ажойиб. Худонинг ишида Унга шерик бўлиш шарафли вазифа.
Худо эр-хотин иштирокида, Ўзи билган, ва қадрлаган фарзандни дунёга келтиради. Шу ота-она иштирокида, фарзанднинг ҳаётида ишлайди. Фарзанд орқали эса ота-онани ўзгартиради, ўстиради. Ота-оналарнинг астойдил, имон билан қилган ҳаракати туфайли, мана шу жажжи гўдаклардан Худога интиладиган, руҳан кучли, пок юракли инсонларни яратади. Қайси она фарзандини руҳан кучли, имонли ва Худога садоқатли инсон бўлиб етишишини истамайди дейсиз?! Бу йўлда оналар, вақтларини, ишларини, қизиқишларини, кучларини қурбон қилса арзийди. Буни ҳозир, фарзандлар кичиклигида қилиш керак. Кейин кеч бўлиши мумкин. Азиз оналар фарзанд тарбиялаш йўлида бирор муаммолар ёки мулоҳазаларингиз бўлса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга мурожаат қилинг. Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим.