3:13

Бир онанинг тилаги

MP3

Ассалому алайкум қадрли оналар. Тасаввур қилинг, сиз Исо Масиҳ яшаган замондасиз. Агар Исо сизга қайрилиб, «Нима истайсан? »- деб сўраса, нимани сўраган бўлардингиз? Энди эса фарзандларингиз ҳақида ўйланг. Худо сизнинг фарзандларингиз учун нима қилиши мумкин? Ўх-хў, санайман десанг бармоқлар етмайди, дейсизми! Жуда тўғри, фикрингизга қўшиламан. Ўзим ҳам онаман. Худодан фарзандларим учун жуда кўп нарсаларни сўрайман. Кўпинча фарзандларимиз учун ибодат қилганимизда шундай деймиз: «Худойим боламни марҳаматлагин!» Бундан бошқа аниқ илтимосингиз йўқми? Албатта бор. Кўпинча, вақтимиз камлиги, ёки бўлмаса, ибодатга, айниқса болалар учун қилинадиган ибодатга жиддий қарамай, қисқагина, умумий ибодат қилиб қўя қоламиз. Бу бизнинг камчилигимиз. Яқинда Муқаддас Калом ўқий туриб, бир онанинг Исо Масиҳга қилган ғалати илтимосини ўқидим. Бу нарса менга ўзим ҳақимдаги камчиликни очиб берди. Келинг шу парчани сизга ҳам ўқиб бераман: «Шунда Забадийлар оиласининг онаси ўғиллари билан бирга Исонинг ҳузурига келди. Нимадир сўрамоқчи бўлиб, Унга таъзим қилди. Исо аёлдан сўради: — Нима истайсан? – Сенинг шоҳлигингда бу менинг икки ўғлимнинг бири ўнг томонингда ва бири чап томонингда ўтиришларини буюргин! – деди Унга аёл. Исо жавоб бериб деди: — Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичажак ҳасратли тақдир шаробини ича оласизларми? – Ичамиз! – деди улар. Исо уларга: — Сизлар-ку Менинг косамдан ичиб, ҳасратларимни чекасизлар, аммо Менинг ўнг ва чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Менинг ихтиёримда эмас. Отам бу ўринни кимларга тайёрлаган бўлса, уларга буюради – деди. Бошқа ўн шогирд буни эшитгач, икки ака-укага аччиқлана кетишди» (Мат 20:20-24).

Бир қараганда бу она илтимосини сурбетларча изхор қилаётганга ўхшайди. Бошқа ўн шогирд ҳам буни сурбетлик деб тушуниб, икки ака-укадан аччиқланишди. Бироқ Исо Масиҳ онанинг нима истаётганини билган эди. Шунинг учун ҳам онага тўғри тушунча берди. Унинг жавоби бўйича, ака-укалар бу ўринларга эга бўлиш учун шунга муносиб бўлишлари керак. Шундай бўлса ҳам, бу ўрин кимларга буюришини фақат Худо билади. Бу вақт ва меҳнат талаб қиладиган жавоб.

Бу аёлнинг илтимоси кўпларга сурбетликдай туюлса ҳам, унинг бу қилган иши, биз аёлларга ўзимиз ва фарзандларимиз ҳақида ўйлаб кўришимизга туртки беради. У фарзандлари учун умумий бир нарса сўрамади. У истаган нарсасини аниқ айтди. Бу аёл банд бўлишига қарамай, ўғиллари билан бирга Исо Масиҳнинг олдига боришга вақт топди, ва истаганини аниқ изҳор қилди. Биз ҳам эринчоқлик қилмай, болаларимиз учун Худонинг олдига бориб, улар учун аниқ бир нарсани сўрашимиз керак. Уларнинг қандай инсон бўлишини истаймиз? Бу ҳақида ўйлаб кўринг ва фарзанларингиз учун ибодат қилинг. Жуда банд бўлсангиз ҳам, кунда бир неча марта ибодат қилиш учун вақт топинг. Ундан ташқари фарзандингизни чўмилтираётганингизда, овқатлантираётганингизда, кийинтираётганингизда, ухлатаётганингизда у учун ибодат қилишингиз мумкин. Хуллас, фарзандингизнинг келажакда яхши, художўй ва имонли киши бўлишини истасангиз, улар учун ибодат қилишга эринманг. Азиз тингловчи бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга ибодат ва фарзандлар кўпроқ маълумотлар беради. Бу манзиллар фақат сиз учун!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top