3:20

Худованди Карим

MP3

Narrator 1 «Худованди Карим еру осмонни бунёд этган эди… Ўша пайтда Худованди Карим ернинг тупроғидан одамни ясаб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади. Шу йўсинда одам тирик жон бўлди.» (Ибт 2:2,7).

Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз ҳаётимизнинг асосчиси, Яратувчимиз ва Парвардигоримиз Худованди Карим ҳақида боради. Кимдир Худони кўрганми? Бу саволга жавоб бериш қийин. Кимдир Худонинг қандайлигини биладими? Ҳа, Унинг қандайлигини Унинг Каломидан билиш мумкин. Унинг қандайлигини Унга эргашган, итоаткор ва художўй одамлардан билиш мумкин. Уни билишни истайсизми? Уни яқиндан билишни, унинг қандайлигини, сифатларини билиб олишни ким истамайди дейсиз?! Шунинг учун бугун имкон борича, Унинг сифатларини очиб беришга ҳаракат қиламиз.

Narrator 2 Илк бор Худованд билан мулоқотда бўлган ва Унинг иноятидан баҳраманд бўлган инсон бу одам Ато эди. Худованд уни яратди, уни боғга жойлаштирди, гуноҳ қилганига қарамай, унга кийим тикиб берди. Худовандни билган, Унинг иноятидан тотган инсонлар Иброҳим пайғамбаргача кўп бўлган. Аммо Иброҳим пайғамбар ҳаётини ўқиб ўрганадиган бўлсангиз, Худованднинг сифатларини яққол кўрасиз. «Худованд Ибромга хитоб қилиб деди: — Ўз ерингдан, она юртингдан, отанг уйидан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга кет. Сендан буюк халқ вужудга келтираман. Сени табаррук қилиб, номингни улуғлайман. Сен баракали бўлгайсан. Сени дуо қилганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаганларни мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сендан барака топадилар.» (Иб 12:1-3).

Narrator 1 Худованд Ибромга иноят қилди. Аслида Ибром танланишга, Худо билан муносабат қилишга, Унинг ҳимоясига лойиқ эмас эди. Шунчаки Худованд уни танлади. Ҳаёти давомида уни жуда кўп бор хавф-хатардан сақлади, баракалади. Унинг учун қалқон бўлди. Қаерда бўлмасин, Худованднинг қўли у билан бирга бўлди: «Бу ҳодисалардан кейин Худованд ваҳий орқали Ибромга каломини юбориб: — Эй Ибром, қўрқма, Мен сенга қалқонман. Сен учун мукофот ғоят катта бўлади, — деди.» (Ибт15:1). Мана шу оятнинг ўзиданоқ, Худованднинг нақадар садоқатли, меҳрибон ва кечиримли эканини кўришимиз мумкин. Иброҳим пайғамбар ҳам биз каби оддий одам бўлган, у ҳам гуноҳ қилган, бироқ Худованди Карим кечиримли. Унинг учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ.

Narrator 2 Чиндан ҳам инсонлар учун имконсиз бўлган нарса Худо учун имкони бор. Худованд 100га кирган Ибромдан ва 90га тўлган Сородан фарзанд вужудга келтирди. У ўликларни тирилтира олади. Қоядан сув чиқара олади. Осмондан самовий нон юбора олади. Буларнинг ҳаммасини У Ўз халқини омон сақлаш учун қилган. Худованд Исроил халқини Мисрликлар қўлидан қутқариб келаётганида, йўл йўлакай, уларга керакли бўлган барча нарсани берди. Халқ ҳеч нарсага зориқмади. Улар гўшт ейишлари учун беданаларни юборди. Нон ейишлари учун осмондан Манна ёғдирди. Қоронғуда йўлдан адашмасликлари учун оловли устун шаклида уларга йўл кўрсатиб кетди. Чанқаганларида қоятошдан сув чиқартирди. Бемаза сув ичмасликлари учун сувни ширин қилиб берди. Унинг сифатлари ҳақида яна узоқ вақт гаплашиш мумкин. Буларнинг бари Худованд Ўз фарзандлари учун меҳрибон, адолатли қалқон эканини кўрсатади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top