MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бизнинг суҳбатларимизни тинглаётган бўлсангиз, ўтган сафар Худованди Каримнинг нақадар марҳаматли, иноятли, кечиримли ва ғамхўр экани ҳақида гаплашган эдик.

Худованд бизга қанчалик меҳрибон ва кечиримли бўлмасин, биз инсонлар тез-тез Унинг иноятини, кечиримини суъистемол қиламиз. Бунга қадимдан жуда кўп мисоллар бор. Худованд инсонни яратибдики, унга яхши бўлишини истайди. Шу сабаб, баъзи чекловлар қўяди. Одам Атони яратганида унга яхши бўлиши учун яхши ва ёмонни билиш дарахти мевасидан емасликни буюрди. Бироқ инсон Худога итоатсизлик қилди. Бу инсоннинг биринчи исёни эди.

Narrator 2 Сўнг ер юзида одам зотини кўпайтирди. Уларни баракалади. Худованднинг ниятларига қарамай, инсонлар ўз-ўзларига шуҳрат олиш учун ҳеч ерга тарқалиб кетмай, бир жойда яшаш ниятида Бобил минорасини қуришди. Бу уларнинг иккинчи исёни эди. Аслида Худованд ер юзига тарқалиб, уни тўлдиринглар, дея буюрган эди. Кейинчалик Ибром пайғамбардан тарқалган Исроил халқи Худонинг марҳаматига, ғамхўрлигига қарамай яна Унга қарши исён қилди. Бу қандай бўлган эди? Бунга жуда кўп мисоллар бор. Исроил халқининг Мисрдан чиққанига кўп бўлгани йўқ. Худованд уларга ва душманларига ўз қудратини намойиш этмоқ учун, халқига ҳар қандай ҳолатда ҳимоя қилишини кўрсатмоқ учун уларни Қизил денгиз томон бошлади. Қизил денгизга дуч келган Исроил халқи эса ундан ўта олмаймиз, дея қўрқиб, Мусога нолий бошладилар.

Narrator 1 «Фиръавн тобора яқинлашиб келарди. Исроил халқи орқаларига қараб Мисрликлар қувиб келаётганини кўрдилар-у, саросимага тушиб қолдилар. … Кейин Мусога айтдилар: — Бизни саҳрога ўлдиргани олиб келган экансан-да. Мисрда биз учун қабристон етарли эмасмиди?! Бизни Мисрдан олиб чиқиб нима қилиб қўйдинг-а?! Мисрда эканлигимизда шунга ўхшаш ёмон ҳодисалар юз беришини айтмаганмидик?!» (Чиқ 14:11-12). Бу ҳали мисрда эканликларидаёқ Худонинг кўплаб мўъжизасини кўрган, Унинг қудратини ҳис қилган, бир бор иноятини татиб кўрган халқнинг сўзлари эди. Каломни ўқиб туриб, инсон ҳам шунчалик бефаҳм бўладими, деб юборганингни билмай қоласан киши. Агар уларнинг шу сўзларни айтгунларига қадар бўлган даврни кўриб чиқадиган бўлсак, Худованд уларни имконсиз ҳолатдан олиб чиқиб кетган эди.

Narrator 2 Агар Худованднинг мўъжизалари, фиръавнга ўтказган таъсири бўлмаганида, улар ҳали ҳам мисрликлар қўлида қуллик қилаётган бўлардилар. Уларнинг исёнига қарайдиган бўлсак, Худо билан эркин ҳаёт кечиришдан кўра, қул бўлиб яшаш маъқул кўринганини англаймиз. Инсонлар бугун ҳам ана шундай. Улар ҳеч ҳам ўзгармаганлар. Улар ҳали ҳам Худога исён қиладилар. Худованд инсонлар билан ярашиш мақсадида, уларнинг гуноҳлари кечирилиши учун Исо Масиҳни ерга юборди. Уни инсонлар гуноҳлари ўрнига хочга михлади. Энди Худо билан мулоқот қилиш, У билан бирга ҳаёт кечириш имкони бор. Фақат Масиҳ бизнинг гуноҳларимиз учун ўлганига чиндан ишонсак ва қилган гуноҳларимиз учун тавба қилсак бас. Аммо инсон Худо билан бирга яшаб ҳаётини ўзгартириш ўрнига, аввалгидан шайтон қуллиги остида ўзини уринтирмай ҳаёт кечиришни маъқул кўради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top