3:13

Болалар учун ибодат

MP3

Ассалому алайкум. Азиз тингловчи ўтган сафарги суҳбатимиз давомида, биз фарзнадларимиз учун ибодат қилишимиз кераклиги, ҳақида гаплашган эдик. Баъзан шундай бўладики, фарзандларимиз учун аниқ қандай ибодат қилишимиз кераклигини билмаймиз. Шунчаки умумий ибодатдан нарига ўтмаймиз. Ëки бўлмаса, кичик нарсалар ҳақида сўраймиз. Масалан, ўқишлари яхши бўлиши, ёмон баҳоларини тўғрилаб олиши, дўстлари билан уришмаслиги ва ҳокозо. Исо Масиҳнинг олдига келган Забадий ўғилларининг онаси ёдингиздами? У ўғиллари учун Исодан нима сўраган эди? У ўғилларининг осмон шоҳлигида бири Исонинг ўнг томонида иккинчиси чап томонида ўтиришини сўраган эди. Бу ҳақида ўқиб ўз-ўзимизча: «кўп нарса сўраб юборган» — деб ўйлашимиз мумкин. Биз фарзандларимиз учун қандай катта ва кўп нарсани сўраймиз? У қандай илтимос қилган бўлса ҳам, аниқ нима сўрашини аввалдан билган ва ўйлаган. Биз-чи?! Биз фарзандларимиз учун нима сўраймиз? Нимаики, сўраманг, сизнинг илтимосингиз Худо учун кўплик қилмайди. Сиз уларнинг бутун дунё бўйлаб, саёҳат қиладиган ва кўплаб жонларни Худога олиб келадиган миссионерлар бўлишини истайсизми? Сизнингча бу кўп нарсами? Балки шундайдир. Аммо Худо учун бу кўп эмас. Худо бунга қодир. Нима бўлганда ҳам, кўпми камми аниқ истак бўйича ибодат қилиш муҳим. Бироқ энг асосий ибодатлар рўйҳатини унутмаслик лозим. Фарзандингиз учун тўғри ибодат қилишни истасангиз қуйидаги рўйҳатга диққат қилинг.

Энг биринчи фарзандларингиз Худо Шоҳлигига киришлари учун, Исо Масиҳни ўз нажоткори ва Раббийси деб қабул қилиши учун ибодат қилинг.

Улар Худонинг фарзандлари бўлгани ҳолда, Унинг номини улуғлашлари учун ибодат қилинг (ибодат чоғида барча яхши сифатларни санаб ўтинг).

Худо уларни Ўз Хушхабарини бошқаларга етказиши учун тайёрлашини сўраб ибодат қилинг. (Фарзандингизнинг ҳар бири инсонларга Худо истаганидай хизмат қилиши учун сўранг.)

Бу рўйҳат ибодатингизнинг асоси бўлсин. Қолган истак хоҳишларингизни эса шу рўйҳат атрофида давом эттираверинг.

Қайси она ўз фарзандининг Иброҳим пайғамбардай имонда кучли бўлишини истамайди?! Ëки бўлмаса, Довуддай бўлиб, Худонинг юрагидан жой олган, тоза кўнгилли, камтар, хатоларини тан ола биладиган, ўз вақтида хатоларини тушуниб, тўғрилай оладиган инсон бўлишини истамайди?! Шомуилдай Худонинг сўзларини эшитишга, руҳий қулоқлари очиқ инсон бўлишини истамайди?! Қизи Рутдай, Худога итоатли, ва Эстердай фаросатли бўлишини истамайди. Эҳ-ҳе, мисол келтираман десангиз, соатлаб бу инсонларнинг яхши сифатлари ҳақида гапириш мумкин. Ибодат қилиш учун энг аввало Муқаддас Каломни очинг. Худо билан суҳбатлашинг. Каломдан Худонинг иродасини қидиринг. Шундан сўнггина, Каломни ишлатиб, фарзандларингиз учун ибодат қилинг. Кимдир энг буюк инсонлар, бу энг кўп биладиган ва кўп ўқийдиган инсонлар эмас, — айнан ибодат қиладиган инсонлардир, деган эди. Сиз ҳам буюк она бўлишни, фарзандларингизнинг келажаги порлоқ бўлишини истасангиз, вақтингизни, кучингизни, баъзи ишларингизни қурбон қилиб бўлса ҳам, фарзандларингиз учун ибодат қилинг. Ишонтириб айтаманки бир кун келиб бу ибодатларингизнинг натижасини кўрасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top