Narrator 1 Ассалому алайкум. Орамизда фильмларни ёқтирмайдиганлар топилмаса керак. Турли хил жанрдаги фильмлар бор. Драматик фильмлар, жангари фильмлар, ковбойлар ҳақидаги фильмлар, илмий фантастик фильмлар ва ҳокозо. Менга кўпинча тарихий фильмлар жуда ҳам ёқади. Бу фильмларни кўриб, ҳам дам оламан ҳам тарих ҳақида билиб оламан. Агар эътибор қилсангиз, бир шоҳлик иккинчи шоҳликка ҳужум қилганида, қўшинни шоҳнинг қўмондони ёки ўзи бошлаб боради-да, енгилаётганини кўргач, қочиб қолади. Ëки бўлмаса, шоҳнинг атрофидагилар уни қочиб яширинишга ундайди. Қандай қилиб бўлса ҳам, шоҳини омон қолишига ҳаракат қилади. Ўтган сафар гаплашганимиз, Амор шоҳларининг лашкарлари ҳам йўл-йўлакай қирилиб кетди. Худованд уларни Исроил халқининг қўлига берди.
Narrator 2 Бироқ ҳар доим фильмларда бўлганидай, бешала шоҳ қочиб, Македониядаги бир ғорга яшириниб олишди. Ëшуанинг лашкари уларни қидириб, охири унга бу шоҳлар ҳақида хабар етказишди. Ëшуа эса одамларига: «Катта тошлар олиб, ғорнинг оғзини ёпинглар. Шоҳлар чиқиб кетмаслиги учун, у ерга қўриқчилар тайинланглар, лекин ҳаммангиз ҳам ўша ерда қолиб кетманг. Душман лашкарларини қувиб, уларга орқадан ҳужум қилинг»- деди. Исроил лашкарлари душманларнинг деярли ҳаммасини қиличдан ўтказди. Фақат бир-иккитасигина ўз мустаҳкам шаҳарларига қочиб бориб, тирик қолди. Исроил лашкари Македониядаги қароргоҳларига қайтиб боргач Ëшуа одамларига ғордаги шоҳларни олиб келишни буюрди. Унинг одамлари бешта шоҳни – Қуддус, Ҳеврон, Ярмут, Лахиш ва Эглон шаҳарлари шоҳларини ғордан олиб чиқиб, Ëшуанинг олдига олиб келишди.
Narrator 1 Ëшуа бутун Исроил жангчиларини йиғиб, ўша бешта шоҳни ерга ётқизди. Жангчиларнинг бошлиқларига эса шундай деди: «Яқинроқ келиб, оёқларингизни шоҳларнинг бўйинларига қўйинлар. Улар Ëшуа айтганидай қилишди. Ëшуа гапида давом этди: — Энди қўрқманг, ваҳимага тушманг, фақатгина дадил ва ботир бўлинглар. Эгамиз сизга қарши чиқадиган ҳамма душманларни шу куйга солади.» Худованд бир пайтлар Ëшуа Мусодан кейин халққа йўл бошловчи бўлишга иккаланаётган пайтда шундай деган эди: «Қўрқма, ваҳимага тушма, Мен Худованд сен билан биргаман». Худди шу сўзларни бугун Ëшуа ўз жангчиларига айтаётган эди. У Худованднинг сўзлари нақадар ҳақиқат эканлигини амалда кўрди ва ишонч ҳосил қилди. Худованд нимаики деса, бари ҳақиқат ва шундай бўлишини у Исроил халқи билан бирга юриб билиб олди.
Narrator 2 Шундан сўнг Ëшуа шоҳларни ўлдириб, уларнинг жасадларини бешта дарахтга осиб қўйди. Жасадлар кечгача дарахтларда осилиб турди. Қуёш ботганида, Ëшуанинг буйруғига кўра, шоҳларнинг жасадларини дарахтлардан тушириб, илгари ўша шоҳлар яширинган ғорнинг ичига ташладилар. Ғорнинг оғзини эса катта-катта тошлар билан ёпиб қўйдилар. Ўша тошлар йиллар ўтиб, то археологлар топиб олмагунча ўша ерда ётган бўлиши керак. Археологлар эса бу бешта одамнинг суяклари қолдиқларини кўриб, кимники эканлигини билмай, ҳайрон қолган бўлса ажаб эмас. Хуллас, Худованд, Ўз халқига қарши чиққан шоҳларнинг лашкарларини ҳам қочиб яширинишга ҳаракат қилган шоҳларини ҳам тирик қолдирмади. Худога қарши чиққанлар охиригача бунинг тўловини ҳаётлари билан тўладилар. Худога қарши чиқиш қўрқинчлидир!