Narrator 1 Ассалому алайкум. Атрофимизни ўраб турган олам жуда ранг-баранг. Кўзимиз кўрган ҳар бир табиат инъомини кўриб, улардан роҳатланамиз. Табиатимизнинг бундай ранг-баранг бўлиши, инсонларнинг ҳам турли характерда ва кўринишда бўлиши азалдан Худонинг иродаси эди. Худованд табиатимизни ва инсонларни мана шундай чиройли кўринишда бўлишини истайди. Мутахассисларнинг фикрича, ранглар инсон кайфиятига ва руҳиятига таъсир қилар экан. Бунинг ҳақиқатлигини жуда кўпчилик тасдиқлаши мумкин. Масалан, у ёки бу рангдаги либос ёки бирор жойда улардан фойдаланишнинг ўзи турли руҳий ҳисларга сабаб бўлади. Руҳият эса танага таъсир этмасдан қолмайди. Шунинг учун ҳам бугун баъзи бир ранглар ва уларнинг кайфиятга таъсирини кўриб чиқишни маъқул кўрдик.
Narrator 2 Қора: – қора либосларни хуш кўрувчилар бошқалардан жиддийлиги, иродасининг кучлилиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам бу рангдан нимжон одамлар кўпроқ фойдаланса яхши бўлади, бошқача қилиб айтганда организмни тиклаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Аммо шуни ёддан чиқармаслик лозимки, қора рангли либос ёки аксессуарлардан ҳаддан зиёд кўп фойдаланиш, яъни кун давомида бошқа рангга алмаштирмасдан кийиб юриш, ўз-ўзидан руҳиятга таъсир этади. Бу рангдан кўп фойдаланган инсонларнинг кайфияти суст бўлади. Жигарранг – аксарият ҳолларда устки тепа кийимлар учун фойдаланилади. Бу ранг кўпроқ ақлий зўриққан вазиятларда ижобий натижаларни кўрсатиши мумкин. Ушбу рангнинг ҳам қора рангга ўхшаш хусусиятлари бор. Аммо у ўзида салбий ҳисларни қора рангга нисбатан камроқ намоён этади.
Narrator 1 Қизил ранг – бу рангдаги либослар терига теккан заҳоти илитувчи, иштаҳани очувчи ва ҳаяжонлантирувчи хусусиятга эга. Мазкур ранг кўпроқ анемия, гипотония ва инфекцион касалликлар билан оғрувчи беморларга қўл келиши мумкин. Бироқ бу рангдан кучли эмоционал ҳолларда, жиззакиликда фойдаланиш тавсия этилмайди. Чунки бу жараён вазиятни мураккаблаштиради.
Кўк ва мовий ранг – қизил рангга нисбатан тескари ҳусусиятга эга. Яъни бу рангдан жиззакилик, кучли руҳий зўриқиш ва уйқусизлик пайтида фойдаланиш айни муддао. Чунки у тинчлантириш ҳусусиятига эга. Бироқ улар меъёрдан ортиқ ишлатилса, тушкун кайфият, чарчоқ ва руҳий сиқилишга олиб келади. Яшил ранг – ҳаётий тонусни оширади, уйқусизликда ором бериб, юрак уришини меъёрлаштиради ва тинчлантиради.
Narrator 2 Настарин ва сиёҳранг – улар кўк ва қизил рангларнинг қоришмасидан иборатдир. Шунинг учун ҳам тинчлантирувчи, тозаловчи, мустаҳкамловчи хусусиятларга эга. Ҳаддан ташқари зўриққан асаб тизими учун ижобий натижаларни бериб, уйқуни мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, ошқозон-ичак фаолиятини ҳам яхшилайди.
Сариқ ранг – илиқ фаслларнинг оммабоп ранги ҳисобланади. У оптимистик ва ўзига ишонувчанлик хусусиятига эга. Шунингдек, тетиклик бахш этиш баробарида ақлий қобилиятни мустаҳкамлайди. Ундан меъёрдан ортиқ фойдаланиш бош айланишига сабаб бўлади. Оқ ранг- тозалаш хусусиятига эга. Ундан руҳий зўриқиш ва чарчоқдан қутулиш учун фойдаланиш мумкин. Кайфиятни яхшилаш ва доимо оптимистик руҳда бўлиш учун кўпроқ ёрқин ва енгил ранглардан фойдаланишни тавсия қиламиз.