MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон борки, уйига йўқлаб меҳмон келади. Меҳмон кутиш удумлари турли халқларда турлича бўлади. Аммо биз ўзимиз билган меҳмон кутиш одатини яхши ва мароқли деб биламиз. Айниқса, байрам кунлари ёки бирор бир маҳсус кунда меҳмон кутиш мезбонга завқ ва ҳаяжон тақдим этади. Бу завқнинг энг «оловли» нуқтаси – дастурхон ва унинг устидаги егуликлар. Таомнинг вазифаси нима? У аввало инсон ҳаётини давом эттириш воситаси. Инсон таомни соғлом бўлиши, куч олиб ҳаётини давом эттириши учун истеъмол қилади. Бироқ меҳмон-меҳмон ўйналганда, жуда кўпчилик таомни ўзи учун фойдага эмас, зиёнга истеъмол қилади. Қандай қилиб? Таом табиийки ўзининг кўриниши, мазаси ва хушбўйлиги билан кишини ўзига тортади. Байрам ва махсус кундаги дастурхонга турли хил пишириқлар, газаклар, ичимликлар ва мева-чевалар қўйилади.

Narrator 2 Биринчи бўлиб дастурхонга овқатдан олдин салатлар қўйилади. Меҳмонлар таом келгунича салатларни эрмак қилиб туради. Ундан ташқари дастурхонда турли хил ширинликлар, қанд-қурслар, мевалар яна кўпгина егуликлар бўлади. Уй эгаси меҳмон кутай деб, минг машаққатлар билан дастурхон безаса-ю, меҳмонлар таомларнинг ярмига ҳам қўл урмаса мезбонга оғир ботади. Мезбоннинг олинг-олинглари, уни хафа қилмаслик нияти меҳмонга қимматга тушади. Аслида иштаҳаси жойида бўлган битта одам учун 500г суюқ овқат, 400-500г иккинчи таом ва десерт сифатида яна 250г ширинлик тановул қилиш айни меъёр ҳисобланади. Мезбон бошқа пайтлари пиширмаслиги мумкин, аммо байрамларда салат ёки турли совуқ егуликларни албатта тайёрлайди.

Narrator 1 Суюқ таомларга келадиган бўлсак, мезбон уларни тайёрлашга унчалик кўп қийналмайди. Биринчидан, меҳмонларга бориб юрган инсон ундай жойларда қандай суюқ овқат тортилишини яхши билади. Ҳаммага қандай суюқ таом манзур бўлишини ҳам. Шунинг учун бундай пайтларда шўрва биринчи таом учун жуда мос келади. Бироқ иккинчи таомни танлаш мушкул. У дастурхоннинг асосий неъмати ва таомни танлаш ва пишириш алоҳида аҳамият касб этади. Баъзан саҳий мезбон битта қуюқ таом билан чегараланмаслиги мумкин. У ёнига сомса ва яна бошқа таом тайёрлашни маъқул кўриб қолади. Агар мезбон шундай қилишни истаб қолса, дастурхонга келтириладиган таомларнинг миқдори албатта камайтирилиши керак. Агар меҳмонларингизнинг соғлиғини ўйласангиз, имкон қадар, кам миқдорда егулик ва табиий озуқаларни қўйишга аҳамият беринг.

Narrator 2 Масалан, қанд-қурслар ўрнига асал, турли хил мева қоқилари, майиз ва ёнғоқлардан қўйинг. Десерт ўрнига эса мева чева ёки қовун тарвуз ҳам бўлаверади. Дастурхонингиздан турли хил егуликлардан еб, кўзлари қувнаб, ширин суҳбат қуриб яна ошқозонида оғирликни ҳис қилмай кетган меҳмоннинг умри узоқ бўлади. Бунда сизнинг ҳам ҳиссангиз бор. Дастурхоннинг энг яхшиси йўқ нарсани топиб сочишда эмас, борини дид билан қўйиб безатишда. Ана шунда меҳмондорчилик ҳаммага хурсандчилик келтиради. Дастурхонингиз эса баракали бўлади. Асосийси меҳмонлар хушсандчилик билан кутиб олиниши, меъёрида таом тортилиши ва яхши кайфият билан кузатилиши керак. Мана шундай меҳмондорчилик ҳар бир меҳмонга жуда маъқул келади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top