Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳаётимизни кундан кун техникасиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Ҳаётимиз мутлақо техника билан боғлиқ. Мана оддий мисол – аёл ошхонага кириб оддий гўшт қиймалагич ўрнига электрли гўштқиймалагичдан фойдаланади. Ширинликлар пишириш чоғида эса, миксер, блендер, шарбат чиқаргич ва бошқа нарсалар билан ишлайди. Бу оилада учраши мумкин бўлган техник аппаратларнинг бир бўлаги ҳолос. Техника ривожлангани сайин, фарзандларимиз ҳам уни қандай ишлатишни жуда яхши ўрганиб олишмоқда. Биз ўқувчилик давримизда компьютерларни ишлатишни билмаган бўлсак, ҳозир фарзандларимиз компьютерсиз туролмайдиган бўлиб қолишган. Негалигини ўзингиз жуда яхши биласиз. Болаларнинг энг севимли машғулоти бу компьютер ўйинларини ўйнаш.
Narrator 2 Бизнинг пайтимизда яхши ота-она бўлиш енгил вазифа бўлмай қолди, айниқса видеоўйинларга бўлган завқ-шавқ ҳисси ҳақида гап кетаётганида. Бироқ, америкалик мутахассисларнинг фикрларига қараганда, муаммодан қутулиш йўли бор. Ҳар бир бола, шубҳасиз, ўзига хос характерга эга. Шу сабабли биринчи навбатда, ўз фарзандингизни иложи борича яхшироқ ўрганиш зарур. Шундагина фарзандингиз ўйинга боғланиб қолмаслиги учун нималар қилиш лозимлигини тушуниб етасиз.
Ўйин – бола ривожланишининг усулларидан бири, уни тарбиянинг муқобил йўлларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Болалар шунчалик кўп ўйинга берилиб кетишининг сабаби нима? Бу оммавий завқланиш йўли бўлгани учунми, ёки бола оилада шундай завқни, хурсандчиликни ололмаётгани учунми? Бу ҳақида ота-оналар яхшилаб ўйлаб кўришлари керак.
Narrator 1 Видеоўйинлар ўйнашни болага бутунлай таъқиқлаб ташламанг. Фақатгина бу борада улардан боҳабар бўлишга ҳаракат қилинг. У руҳиятига, маънавий тарбиясига тўғри келмайдиган ҳар қандай беъмани ўйинларни ўйнамаслигини назорат қилинг. Ўйин фарзандингизнинг жону – дили бўлса, шу ўйин орқали кўп муваффақиятларга эришишингиз мумкин. Масалан, дарсларини тайёрлаб бўлмагунча компьютерга яқинлашмасликни тайинланг. Ëки бўлмаса, мактабда ўзини яхши тутмаса, ўқишлари пасайиб кетса, жазо сифатида яна ўйиндан маҳрум қилинг. Яхши иш қилганида эса видеоўйин дискини совға қилинг. Энг муҳими фарзандингизга фойдали, ақлини пешлайдиган ўйинларни олиб беринг.
Narrator 2 Геймерга яхши ота-она бўлиш учун унга қўшилиб ўйнаш керак. Мутахассислар шундай таъкидлашади: «Бизнинг рақамли асримиз фарзандларимизнинг интилувчан бўлишига ёрдам беради.» Оилангиз учун ўз дунёқарашингизга тўғри келадиган ўйинларни танлашга уриниб кўринг. Масалан, қаҳрамонлик белгилари кучли персонажлар иштирок этган ўйинларни танланг. Фарзанд тарбиясида ота – она изланишдан қочмаслиги, болалари билан биргаликда ўйнашга имкон берадиган янгиликларни қидириб кўриши керак. Ўйин танлашда унинг номига эътибор қаратинг. Унда зўравонлик белгилари бўлмасин, дастурнинг ўзи эса таълим хусусиятига эга ёки фарзандингизнинг қўшимча қизиқишларига хизмат қиладиган бўлсин. Масалан, фантазия жанридаги ёки спорт мусобақаси тарзидаги ўйинлар бунга жуда мос келади. Агар сизда ҳам ақлли геймер бўлса, кейинги суҳбатларимизни ҳам ўтказиб юборманг.