Narrator 1 Ассалому алайкум. «Болали уй бозор», — деб жуда тўғри айтишади. Агар фарзандларингиз иккитадан кўп бўлса, ишдан уйга келгач, чиндан ҳам бозорга тушиб қолгандай ҳис қиласиз. Бундай уй ҳеч қачон тинч бўлмайди. Албатта болаларнинг кулгулари, йиғиси, бақир-чақири, талашиб тортишишларига тўла бўлади. Бундан фақат Худога шукр қилиш мумкин. Худованд сизга шундай фарзандларни бергани учун шукр қилинг. Уларнинг тарбиясини сизга ишониб топширганидан фаҳрланиб, яна ҳам яхшироқ тарбия беришга интилинг. Биласизки, инсон характери турлича бўлади. Характерларнинг турлича бўлиши инсон темпераментига боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, болаларда ҳам ўзларига яраша темперамент бор. Бугунги суҳбатимиз давомида сиз фарзандларингизнинг қандай темпераментли эканини билиб оласиз.
Narrator 2 Биринчи темперамент – ўта актив бола. Бундай болалар одатда қулоқ солмайдиган, бир жойда ўтирмайдиган бўладилар. Улар чақалоқлигидан бошлаб ота-онасини чарчатадилар. Чақалоқлигида ўта актив болани ухлатиш жуда қийин бўлса, болалик даврида бундай болалар ҳадеб йиқилавериб, шикастланиб ота-онасини овора қилиб юришади. Мактабда бундай бола ҳақида урушқоқ дейишади. Уларнинг дунёга қизиқиши ўта кучли бўлади. Бир томондан ақлли бола катта бўлаётган бўлса, иккинчи томондан бу бола жуда асабийлашган бўлади. Бу унинг инжиқлигида, бақириб гапиришида, қулоқ солмаслигида намоён бўлади. Болада ўта актив темперамент бўлиши кўпинча тарбиядаги хатолардан келиб чиқади. Ўта эркаланган болалар одатда гиперактив ўсадилар.
Narrator 1 Иккинчи темперамент – босиқ бола. Бундай болалар жуда секин қимирлайдиган, атроф-муҳитга деярли аҳамият бермайдиган бўладилар. Чақалоқлигида улар осон уйқуга кетиб, жисмоний ривожланишда ҳам тенгқурларидан орқада ривожланадилар. Одатда босиқ болалар қулоқ соладиган, итоатгўй бўлишади. Лекин қулоқ солади деб, унга аҳамият бермай қўйиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу бола берган нарсага кўникиб юқорига интилмайди. Битта ўйинчоқ берсангиз, ана шу ўйинчоқни соатлаб ўйнаб ўтириши мумкин. Кейинчалик ҳаётда боланинг бундай босиқлиги унинг атроф-муҳитга мослашишига, иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Катта бўлганида ҳам у ҳеч нарса билан иши бўлмай, ютуқларга эришмай, пассив ҳаракат қилади. Агар ота она босиқ боласинини ривожлантирмаса, у калтафаҳм, бўш, аҳамиятсиз бола бўлиб қолади.
Narrator 2 Босиқ бола билан қандай муносабатда бўлиш керак? Кичиклигида ўйнаётган ўйинчоқларини тез-тез алмаштириб туринг. Кичик қилган иши учун ҳам мақташни унутманг. Унга ҳаракатлари аҳамиятли эканлигини ҳис қилишига ёрдам беринг. Ҳаракатли ўйинларни бирга ўйнанг. Шунда уни ўз қобиғидан чиқишига ёрдамлашган бўласиз. Учинчи темперамент – Учқун бола. Бундай болалар тез ёниб тез ўчадилар. Улар ёшлигидан дунёга катта қизиқиш билан қарайдилар. Уларга бир кун кубик керак бўлса бошқа куни эса машина билан овора бўладилар. Бундай болаларни ёшлигидан бошлаб қизиқишини сўндирмаслик керак. Бундай болаларга қиммат ўйинчоқлар эмас, хилма-хил ўйинчоқлар керак. Китоб учқун болаларнинг энг яхши дўсти. Ота-онаси ранг-баранг, қизиқарли китобларни ўқиб бериши уларни ҳеч қачон зериктирмайди. Болаларингизнинг темпераментини билиб олиб, тўғри тарбия беришингизга ишонамиз.