Narrator 1 Мен улғайиб, Масиҳда кучга, Худо йўлининг ҳақиқатлигига ишонганимдан сўнг бир ҳақиқатни англадим. Чанқоқ қалбга экилган бир кичкинагина уруғ ҳам аста-секин инсонни Худо томон ингилишига ва Унинг йўлида қудрат билан ишлашига сабаб бўларкан – дейди биродаримиз. «Онамнинг айтишича »- деб гувоҳлигини давом эттиради у «1940 йилда уларнинг провинциясига улар яшаган қишлоққа масиҳий миссионерлар келади. Ўша пайтда ойим 20 ёшда бўлган экан. Гарчи масиҳийларнинг гапларига тўлиқ тушунмаган бўлса ҳам, эшитганларидан таъсирланган. У айниқса Худо ҳақида қўшиқ куйлашни, Муқаддас Каломдаги ҳикоялардан тинглашни жуда ҳам ёқтираркан. Тез орада у ҳам маҳаллий жамоатга қатнай бошлабди.
Narrator 2 Кейин эса ўз ҳаётини Масиҳга бағишлаган. Хитойдан чет-эллик миссионерларни қувғин қилганида, ойим кўзида ёш билан уларни кузатиб қолган. У ўша пайтдаги оғриқли ҳолатини ҳеч ҳам унутмаганди. Кейин эса у коммунистларга қарши жанг қилган Миллий армия капитанига турмушга чиқди. Давлатни бутунлай коммунистлар эгаллаб олгач, миллий армия тарқалиб кетди. Ота-онам эса деҳқончилик билан шуғуллана бошлашди. Онам ўшанда Масиҳ ҳақида эшитган ҳикояларини доимо юрагининг тўрида сақлаб келган. Масиҳий жамоатлар ёпилган, ҳеч қаерда масиҳийларнинг йиғилишига рухсат берилмаган, умуман масиҳийлик ҳақида гапириш жуда хавфли бўлган пайтларда ойим жимгина рўзғор ишлари билан банд бўлган. Бир куни бошимизга қаттиқ ташвиш тушди. Отам ҳасталаниб ётиб қолди.
Narrator 1 Маҳаллий шифокорлар унга ўпка раки ташхисини қўйишди. Тузалиб кетишига умид йўқ эди. Шундай бўлса ҳам отамни тузатиш учун бор пулимизни ишлатдик. Бироқ ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Биз болалар уйда егулик бўлмагани учун қўшнилардан сўрашга мажбур бўлардик. Жуда оғир аҳволда қолган ойим, уйқусиз тунларнинг бирида бирданига аниқ, мулойим ва меҳрга тўла бир овозни эшитган. У овоз шундай деган: «Масиҳ сени севади». Ойим тиз чўкиб, ҳамма гуноҳларига йиғлаб тавба қилган. Ўша тунда у ўзини бошқатдан Масиҳга бағишлаган. Шундан сўнг ойим ҳаммамизни йиғиб, Исо номи билан ибодат қилишимизни айтди. «Исо Масиҳ отангиз учун ягона умид», — дегандилар ўшанда ойим. Ойим ёшлигида эшитганлари, Исо Масиҳни қабул қилгани ва кейинчалик қувғиндан қўрқиб, бизга умуман Исо ҳақида ҳеч нарса демагани ва яна бугун тунда бўлган воқеаларни ҳамма ҳаммасини бизга айтиб берди.
Narrator 2 Биз болалар ҳаммамиз Исо Масиҳни Раббимиз ва Нажоткоримиз деб қабул қилдик. Кейин эса отамнинг устига қўлимизни қўйиб Исо Масиҳ номи билан ибодат қилдик. «Исо Масиҳ отамизни шифола!» Кейинги куни эрталабда эса отам анчагина яхши бўлиб қолганди. У узоқ вақтдан бери биринчи марта ойимдан овқат сўради. Иштаҳа билан овқатланди. Бир ҳафта ичида эса у бутунлай соғайиб кетди. Унда ракдан асар ҳам қолмади. Бу чиндан ҳам Худонинг мўъжизаси эди. Ўзининг қандай соғайиб кетганидан отамнинг ўзи ҳам бохабар бўлди. У ҳам Худонинг мўъжизасидан ҳайратда эди. Бир пайтлар гарчи онам яхши тушунмаган бўлса ҳам юрагига қадалган кичкинагина уруғ болалигимда катта мўъжизага гувоҳ бўлишимга, бутун оиланинг Масиҳга томон юз буришига сабаб бўлди.»