3:27

Қадди букик аёл

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугунги суҳбатимиз Исо Масиҳ даврида яшаган қадди букик аёл ҳақида. Калом бу аёл ҳақида жуда қисқа маълумот беради. Унинг аввалги ҳаёти ва шифо топгандан кейинги ҳолати ҳақида ҳеч нарса демайди. Фақат унинг қандай шифо топгани ҳақида ёзилган ҳолос. Келинг, шу қисқагина парчани Каломдан ўқиб кўрамиз: «Шанба куни Исо яҳудий ибодатхоналарининг бирида таълим бераётган эди. У ердаги бир аёл ўн саккиз йилдан бери ёмон руҳдан қийналиб оғриган, икки букилган, қаддини сира тиклаёлмас эди. Исо уни кўргач, ёнига чақириб деди: — Эй хотин, сен дардингдан ҳалос бўлдинг! Сўнг қўлларини аёлнинг бошига қўйди. Аёл қадди тикланди-қолди.» (Лук 13:10-13).

Narrator 2 Бу воқеа жуда қисқа берилган бўлса ҳам, Исо Масиҳ ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Ундан ташқари, шундай ҳасталикда узоқ вақт қийналган, Исо Масиҳ келгач эса, унинг мўъжизалари, ҳеч кимникига ўхшамайдиган таълимоти, кўпларни шифолагани ҳақидаги гап сўзлар бу кампирга етиб келмаган бўлиши мумкин эмас. Чунки бу аёлдан олдин Исо Масиҳ бир боладан жинни қувиб чиқарган, соқовни шифолаган. Аёл ўша куни ибодатхонага бежизга келмаган эди. Агар Муқаддас Каломни диққат билан ўқиган бўлсангиз, Исо Масиҳ кишилар дилидагини билгувчи экани ҳақида ёзилган. Исо Масиҳ Ўзига яқинлашаётган кишининг дилида нималар борлигини, унинг муаммосини яққол кўриб турарди.

Narrator 1 Аёл ибодатхонада Шанба куни ҳеч ким ишламаслигини яхши биларди. Бироқ шунга қарамай, Исо Масиҳ келадиган жой бўлгани учун, умид билан Унинг олдига яқинлашди. Агар ўша аёлнинг ўрнида бўлсангиз сиз ҳам шундай қилган бўлардингиз. Исонинг ортидан эргаша олмайдиган даражада қари ҳамда қаддингиз букик бўлса, Исо учратиш учун энг қулай жой ибодатхона бўлган бўларди. Аёл ҳам шундай қилди. У Исо Масиҳ дардига шифо бера олишига ишонди. Қалбида шундай ишонч ва илтижо билан Исо Масиҳга яқинлашди. Яқинлашган бўлиши аниқ, чунки Каломда «Исо уни кўргач, ёнига чақириб…», — деб ёзилган. Ибодатхона катта ва ўша пайтда жуда кўплаб одамлар у ерга борарди. Бир неча юз одамлар орасидан қадди букик аёлни пайқаб олиш осон эмас.

Narrator 2 Аёл Исо Масиҳга яқин келгани учун ҳам, дардларидан ҳалос бўлди. Унинг муаммоси фақат қаддининг букиклиги эмас эди. У «ёмон руҳдан қийналиб оғриган», энг ёмони бу дардга 18 йил чидашига тўғри келган. Ўша аёлни тушунаман. Бир дард билан узоқ вақт азоб чекиш жуда ҳам оғриқли ва кишини чарчатади. У узоқ вақт мана шу дарддан ҳалос бўлишга ҳаракат қилган, охири чарчаган. Шунинг учун ҳам Шанба куни ишлаш мумкин эмас, деган қоидага қарамай, Исо Масиҳнинг олдига яқинлашди. Унинг бошқа иложи ҳам йўқ эди. У шифо топиши учун қаттиқ ҳаракат қилди. Дастлаб у Исонинг шифолаш қудратига ишонди, сўнг Унга яқинлашди, ҳар қандай тўсиқларга қарамай яқинлашди ва шифо топди. Бу биз учун катта сабоқ. Ибодатингизга жавоб олишни истасангиз, энг аввало ишонинг ва Унга яқинлашинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top