3:49

Қадр-қиммат

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Инсоният пайдо бўлибдики, унда ўзаро чиройли муносабатлар шаклланган. Инсон ўз қадр-қимматини билмасдан туриб, маънавий жиҳатдан бой бўла олмайди. Ўзгаларнинг қадр-қимматини ўрнига қўя олмаса, ҳурмат қилмаса, инсонпарварлик туйғуси ҳақоратланади. Агар одам пулсиз, ер-мулксиз қолса, садқаи сар – буларнинг ҳаммаси унга тегишли эмас. Кишининг ўз ҳақиқий мулки – инсоний қадр-қимматини йўқотиши эса жуда ачинарлидир. Эсимда, ёшлигимда бобом «Ҳали роса менинг қадримга етасизлар», — дерди. Нега ундай деркан, деб ҳайрон бўлардим. Энди ўйлаб қарасам, ўшанда чиндан ҳам бобомнинг қадрига етмаган эканмиз. Унинг турли танбеҳларини бизга нисбатан жаҳл ва койиш деб қабул қилиб, насиҳатларини эзмалик деб биларканмиз.

Narrator 2 Биз яқинларимизни борида қадрлаб қолиш ҳақида вақтлироқ ўйлашимиз керак экан. Замон шундай шиддат билан илгарилаб бормоқда-ки, унга етишиб юриш учун кишилар доимо банд бўлиб қолмоқдалар. Чиндан ҳам атрофга қарасангиз, ҳамма банд. Ҳамма ўз иши билан овора. Бугун кимнидир қадрлаш инсонлар учун эскича удум бўлиб қолди. Аммо ён верингизда, бир том остида, бир эшикдан кириб чиқадиган уйда яшаб туриб, уларга шу қадар эътиборсиз, бепарво, туйғусиз ва раҳмсиз бўлишнинг ўзи даҳшат эмасми? Кўпинча фарзандлар ота-оналари оламдан ўтгачгина, вақтида уларга эътиборли ёки меҳрибон бўла олмаганларидан ўкинадилар ва ўлганларидан сўнг, катта-катта маросимлар қилиб берадилар. Бу энди уларга ёрдам бера олмайди. Шунинг учун ҳозир яқинларимизнинг кўнглини олиб, уларни хурсанд қилишни ўйлашимиз керак.

Narrator 1 Инсон яқинларига меҳрли бўлсагина уларни қадрлай олади. Меҳр фақат яқинлар учун эмас, бошқалар учун ҳам керак. Ëшлигимизда бир қўшни аёл бўларди. У тез-тез бизникига нимадир кўтариб, онамнинг олдига кириб турарди. Кейин билсам, у атрофдаги ҳамма қўшниларникига шундай кириб турар экан. У маҳалламизнинг энг кексаси эди. Тўй-ҳашамлар, келин саломлар, турли маросимлар у аёлсиз ўтмасди. Бирор хато қилиб онасиникига кетиб қолган келинлар ҳам унинг сўзи билан ортга қайтарди. Ҳозир у аёл йўқ, аммо уни билганларнинг ҳаммаси ҳамон уни эслайди, унинг ҳаққига дуо қилишади. Мана шуни қадр дейдилар. Инсонлар сени қадрлашларини истасанг, сенга меҳр беришларини истасанг, сен ҳам уларни қадрлашинг ва уларга меҳр кўрсатишинг керак.

Narrator 2 Қадр-қимматни англаш ва унга амал қилши инсонга хос туйғу. Инсон хасталанган пайтида бошқалар олдида ўз қадр-қимматининг даражасини англаб олади. Энг аввало инсонга камтарлик керак. Буни катталар ҳам уқтириб келишади. Лекин бу сифатнинг керагидан ортиғи инсон қадрини ерга уриши мумкин. Даврнинг шиддатли оқими бугун бизни ўз ўзанига тортиб кетган. Рўзғорнинг кўринмас иплари кўзимизни шу қадар боғлаб ташлаганки, атрофга боқиб, ҳамма нарса ғанимат эканлигини тушуниб етиш, борига шукр қила билиш зарурлигини англамаймиз. Аммо, агар астойдил интилсак, кечаги кундан бугун, бугундан эса эрта янада яхшироқ бўлишини ҳис қиламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top